Линклар

Шошилинч хабар
07 октябр 2024, Тошкент вақти: 06:17

2023 якуни: Ўзбек блогерининг "қизил чизиқ" ва қора кунлари


Олимжон Ҳайдаров Мирзиёев ҳокимиятга келганидан буён энг узоқ муддат - 8 йилга қамалган блогер.
Олимжон Ҳайдаров Мирзиёев ҳокимиятга келганидан буён энг узоқ муддат - 8 йилга қамалган блогер.

28 декабрь куни Фарғона вилоят судининг апелляция судлов ҳайъати блогер Олимжон Ҳайдаровга нисбатан чиқарилган 8 йиллик қамоқ жазосини ўзгаришсиз қолдирди.

Шу тариқа 2023 йил Ўзбекистонда журналист ва блогерларни қамашдан бошланиб, қамаш билан поёнига етмоқда.

Бу йил Ўзбекистонда авторитар раҳбар Ислом Каримов ўлимидан буён, журналист ва блогерлар энг кўп ва энг узоқ муддатга қамалгани билан тарихга кирмоқда.

Репрессиялар оддий ўзбекистонликларни ҳам четлаб ўтмади - президентни танқид қилган тармоқ фойдаланувчиси икки ярим йилга қамалди.

Халқаро матбуот ташкилотларига кўра, якунига етаётган йилда сўз эркинлиги доираси кескин торайган.

Шу пайтгача президентга ишонган ва гўёки у ўз ҳимоясига олган тармоқ фаолларининг овози борган сари бўғилмоқда.

Эмине-Лемара Мирзааҳмедова

2023 йил декабрида тармоқлардаги тахаллуси “Эмине Караманова” бўлган 47 яшар Лемара Мирзааҳмедова 7,5 йилга қамалди.

13 декабрь куни жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг апелляция ҳайъати блогерга нисбатан қуйи инстанция суди ҳукмини ўзгаришсиз қолдирди.

Эмине тармоқларда ҳукумат ва президент номига очиқ танқиди, шунингдек қатор зиддиятли чиқишлари билан танилганди.

Эмине-Лемара Мирзааҳмедова Ўзбекистон турли соҳа ва ҳокимият органларидаги коррупция, ҳокимлар ва куч тизимларининг қонунбузарлигини танқид қилиб келган.

47 яшар блогер шу йилнинг 3 мартида ҳибсга олинди, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 139-модда (Туҳмат), 140-модда (Ҳақорат) ва 165-модда (Товламачилик), 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш)да айбланди.

OzodNazar: Комил Алламжонов: Каримов ўлдирган матбуотга Мирзиёев жон киритди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:52:27 0:00

Жиноят иши материалларига кўра, блогер устидан Тошкент вилояти Янгийўл тумани собиқ ҳокими Улуғбек Ялғошев ҳамда Янгийўл тумани ободонлаштириш бўлими раҳбари Турғуной Якубовалар ариза киритган.

Даъвогарларга кўра, блогер уларнинг сирини ошкор қиламан, деб қўрқитиб, пул талаб қилган. Уларнинг бу даъвосига судда ҳокимият ходимлари гувоҳлик берган.

Адвокатларга кўра, бу айбловни тасдиқловчи далилий ашё тақдим этилмаган. Суд эса ёпиқ ўтди.

Блогернинг оиласи уни озод этиш эвазига ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари катта миқдорида пора талаб қилганини даъво қилмоқда.

Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва сўз эркинлиги аҳволини кузатаётган фаоллар Эмине-Лемара Мирзааҳмедова блогерлик фаолияти учун қамоққа ташланган деб ишонишади.

Тармоқ фойдаланувчилари блогерга берилган қамоқ жазосини олдинроқ Хоразмда етим қизларни зўрлаган адлия ва фавқулодда вазиятлар вазирлиги мулозимларига берилган жазо муддати билан қиёслашмоқда. Уларга кўра, суд блогерга нисбатан адолатсиз ҳукм чиқарган.

Олимжон Ҳайдаров

2023 йил қишидаги аномал совуқ авжида газ ва электр муаммосини ёритган фарғоналик Олимжон Ҳайдаров Мирзиёев даврида энг узоқ йиллик қамоқ жазосига маҳкум этилган блогерга айланди. Ҳозирча.

У ҳам Жиноят кодексининг айни - 139- (туҳмат), 140-моддаси (ҳақорат) ва 165-моддаларида (товламачилик)да айбдор топилди.

Ҳайдаров 2022 йилнинг кузида тармоқларни титратган энергетик инқирознинг илк қурбонлари - Фарғонадаги ишчилар арзини тармоққа олиб чиққан эди.

Блогер давлат идораларидаги коррупция, маҳаллий ҳокимият идораларининг ҳуқуқбузарлиги, энергетик кризис ва қатор жиддий сиёсий-иқтисодий муаммоларни кўтарган.

Тармоқларни ларзага солган видеога ҳукумат куч ишлатиш билан жавоб қайтарди. Ишчилар норозилиги бостирилди, уни ёритган блогер Олимжон Ҳайдаров маъмурий қамоққа ҳукм қилинди.

28 декабрь куни эса Фарғона вилоят судининг апелляция судлов ҳайъати блогер Олимжон Ҳайдаровга нисбатан чиқарилган 8 йиллик қамоқ жазосини ўзгаришсиз қолдирди.

Аввалроқ Озодликка берган интервьюсида Олимжон Ҳайдаров Ўзбекистондаги сўз эркинлигининг оғир аҳволи ҳақида гапирганди.

Олимжон Ҳайдаровнинг суди Тошкентдан олис, Фарғонанинг Водилида ўтказилди.

Суд жараёни, уни кузатганларга кўра, Мирзиёев даври адлия тизими Каримов адолатидан узоққа кета олмаганини кўрсатган томошага айланди.

Адвокатларига кўра, судда блогерга қўйилган айбловлар тасдиғини топмаган.

Абдуқодир Мўминов

Якунланаётган йилда яна бир журналист - YouTube тармоғидаги "Кўзгу" кўрсатуви муаллифи, журналист Абдуқодир Мўминов 7 йилга қамалди.

Коррупцияга қарши чиқишлари билан танилган ва президент ҳамда оиласи мансубларининг бизнес алоқалари ҳақида гапириб келган Абдуқодир Мўминов ҳам одатий 165-модда (товламачилик), 168-модда (фирибгарлик)дан ташқари, 141-1-модда (шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш), 189-модда (савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш) ва 28, 211-модда (пора беришда иштирокчилик)да айбланди.

Суд ҳукми ўқилиб, Абдуқодир Тоштурмага йўлланаркан, унинг тергов жараёнида Тошкент шаҳар ИИББ биносида шафқатсиз қийноқларга тутилгани ўртага чиқди.

Ҳуқуқ фаоллари ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари блогер президент Мирзиёевнинг куёвлари бизнеси ҳақида олиб бораётган суриштируви туфайли қўлга олинганига ишонишади.

KompromatUzb иши

Ўзбекистондаги журналист ва блогерлар ҳамжамияти учун 2023 йил давлат идораларидаги коррупция ва непотизмга оид алоҳида ҳолатларни фош қилган KompromatUzb Телеграм канали билан боғлиқ жиноят иши билан бошланган эди.

Тошкентдаги Human.uz сайти идорасига уюштирилган шов-шувли рейд ва бир неча ой давом этган тергов ортидан суд сайт асосчиси Хуршид Далиев, “Ўзбекнефтгаз” матбуот котиби Сиёвуш Ҳошимов, фуқаро Аҳмадилло Аҳмаджонов ҳамда Бандлик вазирлиги собиқ матбуот котиби Мавжуда Мирзаева устидан ҳукм ўқиди.

Бу жамоа вакилларига ҳам яна ўша - Жиноят кодексининг айни моддлари 139-моддаси (туҳмат) ва 165-моддаси (товламачилик), шунингдек 243-моддаси (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш)да назарда тутилган жиноятларда айбланди.

Хуршид Далиев 7 йил, Сиёвуш Ҳошимов 7 йил, Аҳмадулло Аҳмаджонов 3 йилга қамалди, Мавжуда Мирзаева эса 5 йил муддатга озодликни чеклаш билан жазоланди.

Журналистлар устидан суд ярим ёпиқ шаклда ўтди ва унинг тафсилотлари ҳануз жамоатчиликка қоронғилигича қолмоқда. Ўзбекистон Олий суди судланганларнинг журналистик фаолият учун эмас, балки жиноий қилмиши учун жазога тортилгани урғуланган баёнотлар тарқатди.

Бундан ташқари, ўтиб бораётган йилда андижонлик шифокор ва фаол Отабек Аҳлиддинов, тошкентлик диний блогер Жамшид (Маҳдий) Мирзаев ва яна бир қатор тармоқ фаолларига ҳукм ўқилди.

"Президентга ҳақорат"

2023 йил давомида кузатилган - муқаддам мисли кўрилмаган яна бир ҳодиса - самарқандлик ёш йигитнинг президентни танқид қилгани учун қамалгани бўлди.

26 октябрь куни Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани суди, Инстаграм тармоғида президент Шавкат Мирзиёев ҳақида танқидий пост ёзган 19 ёшли Дилшод Искандаровни йигит икки ярим йилга қамади.

Қамалган блогер, журналист ва тармоқ фойдаланувчиларини бирлаштириб турган нарса фақат уларга қўйилган айблар ва қамоқ муддатларигина эмас.

Уларнинг аксари мамлакатдаги муаммолар учун ҳукуматни, шахсан президент Шавкат Мирзиёевни айблашган ва президентнинг ҳукуматда юқори лавозимларни эгаллаган оила аъзоларини ҳам танқид қилганлар.

Йил охирида блогер Фозилхўжа Орифхўжаев муддатидан аввал озодликка, блогер Отабек Сатторий эса манзил колониясига чиқарилгани хабар қилинди.

Халқаро матбуот ташкилотлари Орифхўжаев ва Сатторий блогерлик фаолияти учун қамалганини айтиб, Ўзбекистон ҳукуматини улардан айбларни олиб ташлаш ва озодликка чиқаришни талаб қилиб келаётганди.

Якунига етган 2023 йил давомида - бир тарафдан журналист ва блогерлар устидан назорат кучайган бўлса, иккинчи томондан ижтимоий тармоқлардаги фаолларни Каримов давридаги каби қамаш, таъқиб қилиш ёҳуд қўрқитиш амалиёти кучайгани кузатилди.

Тармоқ фаоллари бу ҳибсга олиш ва қамашлардан мақсад бошқаларни қўрқитиб қўйиш эканлиги ва бунга эришилгани, мамлакатда қўрқув яна қайтадан ҳукмрон муҳитга айланганини айтишади.

Ўзбекистон «Чегара билмас мухбирлар» ташкилотининг матбуот эркинлиги бўйича рейтингида 2022 йилгидан 4 поғонага пастлаб, 137-ўринга тушди.

Мамлакатда матбуот эркинлиги аҳволи “қийин” деб баҳоланган.

Форум

XS
SM
MD
LG