Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:36

Дубайда 25 йилга қамалган ўзбек маҳкум: Консуллик ёрдам беришни истамаяпти


Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳридаги қамоқхонадан “OzodMikrofon”га мурожаат қилган 48 яшар Бахтиёр Саломов Ўзбекистон консуллигидан ҳуқуқий ёрдам ололмаётганидан шикоят қилди.

Асли бухоролик Саломов Дубайда 25 йиллик қамоқ жазосини ўтамоқда.

“Мен Ўзбекистон фуқароси Бахтиёр Саломов, 2006 йилдан бери БААнинг Дубай шаҳри қамоқхонасида ўтирибман. Одам ўлдириш моддаси билан 25 йилга озодликдан маҳрум этилганман. 2013 йилда даъвогарлар томонидан даъвомиз йўқ, деган ҳужжатларни Ўзбекистондаги тегишли органлар тасдиқлаб, БААга МИД орқали жўнатилган.

БАА қонунлари исломий бўлгани учун одам ўлдириш моддаси даъвогарлар томонидан ҳеч қандай даъвом йўқ, деган ҳужжатлар бўлса, 3 йилдан 7 йилгача қамоқ жазоси деган қонун бор. Бу ҳужжатларим билан ишни қайта кўриш учун судга мурожаат қилишим мумкин. Судга адвокат орқали мурожаат қилиш керак. Менинг эса адвокат олишга шароитим йўқ. Чунки бу ерда адвокат хизмати жуда ҳам қиммат. Яқинларим Ўзбекистондаги тегишли идораларга ҳам мурожаат қилиб чиқишди. У ерда БААдаги консулликка мурожаат қилишсин , деган жавобни айтишди.

Уч йилдан бери шу ҳолат бўйича Дубайдаги Ўзбекистон консуллигига мурожаат қилиб келаман. Ҳеч қандай фойда бўлмаяпти. Улар менинг ишим у ёқда турсин, ҳатто бир ярим йилдан бери қамоқхонага ўз фуқаролари олдига ҳол-аҳвол сўраб ҳам келишмайди. Бошқа давлат консуллари ойига уч марта келиб, ўз фуқароларига моддий ёрдам деб, пул қўйиб кетишади. Майли, менга уларнинг моддий ёрдами ҳам керак эмас, фақат ишимни қайта кўриб чиқиш учун адвокат ёллашга ёрдам беришса бўлди.

Бизнинг консулларимиз қачон телефон қилсак, доим "ҳозир делегация келган, кейинги ой қилинг," дейди. Кейинги ой ҳам шу аҳвол, телефонларимизга жавоб беришмайди. Менинг мурожаатимга охирги марта “сизнинг бу мурожаатингиз билан икки давлат ўртасидаги алоқалар бузилишини хоҳламаймиз”, деб жавоб беришди.

Наҳотки, менинг бу мурожаатим сиёсий бўлса, икки давлат алоқасига жиддий зарар етказса? Нима қилишни ҳам билмай қолдим. Ўн беш йилдан бери яқинларимни, онамни кўрганим йўқ. Ёшим элликка бориб қолди. Соғлиғим ҳам яхши эмас. Наҳотки, шу бегона давлатларда ўлиб кетсам. Ҳеч кимдан ёрдам кутишга умидим қолмади. Армоним, ўз ватанимга қайтсам, яқинларимни кўрсам.

Мен билан бирга судланган шеригим Шерзод Нукаров ҳам худди мен каби вазиятда. Унинг ҳам консулликка қилган мурожаатлари эътиборсиз қоляпти. Консуллик ўз фуқароларига ҳуқуқий ёрдам беришни умуман истамаяпти!”.

-------------------------------------------------------------------------------

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 724 971 539 ва +420 724 740 755 рақамига йўлланг.

OzodMikrofon сизга мунтазир!

OzodMikrofon рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!

XS
SM
MD
LG