Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:49

Боғот ҳокими туманда қамал ҳолати эълон қилди. Ҳамма пахтада!


Иллюстратив расм
Иллюстратив расм

Боғот туманида (Хоразм) 15 сентябрдан бошлаб тумандаги барча шаҳарча ва қишлоқлар аҳолиси ҳамда корхоналарнинг барча ишчи-хизматчилари ҳоким буйруғи билан пахта теримига сафарбар қилинди.

Тумандаги учта йирик саноат корхонаси ва мактаблардан ташқари барча бюджет идораларига терим отрядлари ташкил қилиш буюрилди.

Бу ҳақда Боғот туманида ташкил қилинган терим отрядларидан бири раҳбари 36 яшар Ферузбек Матëқубов Озодликка маълум қилди.

Матёқубовнинг айтишича¸ 19 сентябрь куни туман ҳокими Ойбек Холбоев тумандаги 300 га яқин фермер хўжалиги раҳбарлари¸ 12 худуддаги терим отрядлари учун масъуллар¸ бюджет идоралари раҳбарларини йиғиб мажлис ўтказган.

Боғот туман ҳокими Ойбек Холбоев
Боғот туман ҳокими Ойбек Холбоев

Озодлик суҳбатлашган, аммо хавфсизлигини таъминлашни ўйлаб, исми айтилишини истамаган фермер икки соат давом этган мажлис аудиосини Озодликка жўнатди.

Аудиодан туман ҳокиминики, деб тушуниладиган овоз эгаси ўта қўпол тарзда бюджет ташкилотлари, хусусан туман молия бўлими бошлиғини кам одамни пахта теримига сафарбар қилгани учун сенсираб ҳақорат қилгани эшитилади:

- Йўқол бу ердан, қорангни кўрмай! Сенга ўхшаган минг молия бор. Менга пахта терадиган молия керак. Сени ишинг ҳал бўлди. Энди учириб юбораман сени. Учасан энди!

Аудиони Озодликка жўнатган фермернинг айтишича, бу гапларни ва шунга ўхшаш барча таҳдидларни айнан туман ҳокими Ойбек Холбоев​ айтган.

Мажлис мобайнида туман ҳокими пахта даласига 150 ўрнига 65 теримчи чиқарган “Ватанпарвар” ташкилоти раҳбарига ҳам таҳдидли дағдаға қилгани аудиоëзувда акс этган:

- Сени олдин мақтагандим. Сен нима қулмисан? Қулни мақтасанг устинга хожатга чиқади дейишади. Нега ташкил қилган пахта отрядингда одам кам? Йўқол бу ердан!

Мажлисда қатнашган фермернинг Озодликка айтишича¸ туман ҳокими ўзидан катталарни ҳам сенсираб гапирган.

Туман қуршаб олинди

Аудиоëзувда туман ҳокими Ойбек Холбоев мажлисда қатнашаëтган туман ИИБ вакилларига пахта терим даврида тумандан ҳеч ким чиқиб кетмаслигини таъминлашни талаб қилади:

- Тумандан чиқиб кетадиган олтита йўл бор. Шу йўллардан дамасларда одамлар чиқиб кетиб турибди деган хабар келди. Терим вақтида ҳеч ким ҳеч ерга чиқмасин! Ҳамма пахтага сафарбар қилинсин! Олтита йўлга ҳам эрталабдан одам қўйинг. Милиса бўлсангиз сиз ҳам ишланг!

Икки соатдан ошиқ аудиоëзувдан аëн бўлишича¸ ой охирига қадар Боғот туманида мутлақ пахта сафарбарлиги жорий қилинади:

- Фақат элатда биров ўлса қисқа муддатга фотиҳага бориб келиш учун рухсат бераман. Тўй сабаб бўла олмайди. Пахтани териб¸ нормани топширган одам соат еттидан кейин тўй ëки бошқа жойга бора олади.

Идоралар ëпиқ ҳамма пахтада

Боғот туманида ташкил қилинган терим отряди раҳбари Ферузбек Матëқубовнинг айтишича¸ шу кунларда бутун туман бўйлаб мактаблардан ташқари барча бюджет ходимлари пахтага чиқарилгани боис ҳамма ташкилотларнинг эшигига қулф осилган:

- Нима қилиб бўлсанг ҳам терим отрядида одам сонини таъминлайсан деган военний буйруқ бўлди. Гурландан мардикор олиб келиб, пул тўлаб, пахта тердириб қўйибмиз. Кеча мажлисда айтилди. Туманда 11 минг теримчи бор экан. Шунинг ярми четдан ëллангаан мардикор.

Милисанинг ўрнига уй бекаси пахта термоқда

Озодлик мухбири билан гаплашган туман молия ташкилоти ходими сафарбарлик кўламини тасвирлади

- Маҳаллаларга режа қўйилди , ёрдам пули, бола пули оладиганлар маҳалланинг ҳисобидан чиқиши шарт. Ўзимнинг ўрнимга одам тутиб қўйибман. Бизнинг кампир, масалан, кунига 50 минг сўмга мелисаларни ўрнига чиқиб бошлади, бир икки қўшнилар билан, пахта пулиниям олади ўзини эплаб. Ўн кун учун олдиндан пул берадилар. Маҳалла раислари уйма-уй одамларни пахтага қувиб ëтибди.

Суҳбатдош, шунингдек, ҳоким ўтказган мажлис ярим тунгача давом этаëтгани¸ уйига ярим тунда келиб, яна эрталаб соат 5-6 да терим отрядларини далага чиқаргани боис ¸ ҳам жисмонан¸ ҳам руҳан толиққанидан шикоят қилади:

- Ҳар куни бошимиз мажлисбозликдан чиқмайди. Ëқмаса кетинглар¸ йўқол дейди, чидаб юрибмиз.

Вилоят ҳокимлиги Боғотдаги сафарбарликдан бехабарми?

Озодлик Боғот туманидаги кечки мажлисдаги дағдаға ва туман миқëсидаги пахта сафарбарлиги борасида изоҳ сўраб вилоят ҳокимлиги қишлоқ хўжалиги бўлимига мурожаат қилди. Ўзини таништирмаган мулозим “туман ҳокимига бюджет ҳодимларига пахта тердир деган буйруқ берилмаган” дея гапни калта қилди. Шунингдек, мулозим мажлисбозликни камайтириш ҳақида туман ҳокимларига тавсия берилганини ҳам таъкидлади:

- Ўтган йилнинг 25 августида Бош вазир Абдулла Ниғматович кечки мажлислар қилманг, деб топшириқ берган. Марҳамат орготделга мурожаат қилиб бу топшириқ ижросини текширишингиз мумкин.

Вилоят ҳокимлиги ташкилий бўлими билан боғлана олмадик.

Боғот туман ҳокимлигида 20 сентябрь кечқурун пахта терими масаласида яна бир мажлис борлигини мажлисга чақирилган маҳаллий фермер хабар қилди.

XS
SM
MD
LG