Лаҳордаги портлаш учун масъулиятни Толибон ўз зиммасига олди

Лаҳорда қутқарувчилар портлаш содир этилган жойда одамларга биринчи ёрдамни кўрсатмоқда.

Покистон толиблари Лаҳорда 24 июль куни содир этилган портлаш учун масъулиятни ўз зиммасига олди.

Тариқи Толибон расмий вакили Муҳаммад Хуросоний матбуотга йўллаган электрон мактубида “Панжоб вилояти маркази Лаҳордаги гавжум кўчада мотоциклда кетаётган худкуш портлаш содир этгани”ни маълум қилган.

Портлашда камида 26 киши ҳалок бўлди, 49 одам яраланди. Ички ишлар вазири Чаудхри Нисар Али Хоннинг билдиришича, ҳалок бўлганларнинг асосий қисми полициячилардир.

Душанба куни Афғонистон пойтахти Кобулда худкушлар автомашинани портлатгани оқибатида қирққа яқин киши ҳалок бўлган эди. Мазкур террор учун масъулиятни ҳам Толибон ўз зиммасига олган.