Тошкент милицияси насроний қабристонидаги вазият юзасидан тушунтириш берди

Дўмбробод қабристонида олинган сурат. Фейсбукдан олинди.

Тошкент милицияси Дўмбробод қабристонидаги вайронагарчиликлар тўғрисидаги хабар ортидан текширув ишларини ўтказди. Бу ҳақда пойтахт Ички ишлар бош бошқармасига таянган ҳолда 24 июль куни Podrobno.uz хабар тарқатди.

Ички ишлар бош бошқармасининг билдиришича, ҳақиқатан ҳам Дўмбробод қабристони текширилганида, дарахтларнинг қулагани, қабртошларга зарар етказилгани аниқланган.

Хабарда айтилишича, қабртошларнинг вайрон этилишига баҳорда кучли шамол оқибатида дарахтларнинг қулагани сабаб бўлган.

“Қабристон ҳудуди катта бўлгани учун унинг ишчилари таъмир ва тозалаш ишларини тўла равишда олиб боришга улгурмаган. Айни пайтда қабристонда бу йўналишда ишлар олиб борилмоқда ва ёдгорликлар қайта тикланади”, деб иқтибос келтиради Podrobno.uz милиция расмий баёнотидан.

Аввалроқ насроний қабристонида ҳар бешинчи қабртошдан бири вайрон этилгани хабар қилинган.

Вайронагарчилик маҳаллий мебель фабрикалари учун хом ашё вазифасини ўтовчи дарахтлар кесилиши ортидан юзага келган бўлиши мумкин, деган таҳмин ҳам билдирилган эди.