Араб давлатлари ортидан Исроил ҳам "Ал Жазира"ни тақиқлади

"Ао Жазира"нинг Қуддусдаги офиси.

Исроил “Ал Жазира” телеканалини мамлакат ҳудудида тақиқлашини маълум қилди. Исроил фикрича, "Ал Жазира" олиб борувчилари ўз кўрсатувларида одамларни зўравонликларга чақирмоқда.

Исроилнинг мазкур баёноти 6 август куни қатор араб давлатлари ўз ҳудудларида "Ал Жазира" офисларини ёпгани ортидан эълон қилинди.

Исроил алоқа вазири Аюб Кара "Ал Жазира" журналистларининг аккредитацияси бекор қилинишини билдирди. Бу эса бош қароргоҳи Қатарда жойлашган телеканалнинг Қуддусдаги фаолияти ҳам тўхтатилишини англатади.

-Сўнгги пайтларда "Ал Жазира" Форс кўрфазидаги давлатларда, жумладан, Саудия Арабистони, Иордания ва Мисрда ҳам террорчилик ва диний радикализмга ундамоқда. Биз бу давлатларнинг барчаси "Ал Жазира"ни "Ислом давлати", ХАМАС, Хизбуллоҳ ва Эроннинг тарғибот воситаси сифатида тан олганига гувоҳ бўлдик. Шу кунгача фақат Исроил бу масалада ўз позициясини очиқламаган эди, -деди Аюб Кара.

"Ал Жазира" раҳбарияти Исроилнинг мазкур қарорини кескин танқид қилди ва бунга жавобан қонуний чоралар кўришини билдирди.

"Ал Жазира" ўз журналистлари Фаластинга қарашли Ғазо секторида ва Ғарбий соҳилда фаолиятларини давом эттиришларини хабар қилди.