Олтита банк ипотека учун 1,6 тирллион сўм маблағ ажратди

Ўзбекистондаги 6та йирик банк 2017 йил охиригача аҳолига имтиёзли ипотека кредитларини бериш учун 1,6 триллион сўм ажратади. Бу ҳақда Иқтисодиёт вазирлигидаги манбасига таянган ҳолда Podrobno.uz хабар берди.

Нашрнинг билдиришича, жорий йилда Ўзбекистонда намунали лойиҳа бўйича 15 мингта уй қурилади. Ипотека кредитлари мазкур уйларни сотиб олиш учун берилади. Уйлар қурилишига аҳолининг 478 миллиард сўм миқдоридаги улуши ҳам жалб этилади.

Хабарда мазкур лойиҳани асосан “Қуишлоқ қурилиш банки” молиялаштираётгани қайд этилган. Мазкур банк 6985та уй қуриш учун 796 миллиард сўм маблағ ажратган.

Бундан ташқари лойиҳада Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки, “Ипотека банк”, “Халқ банки”, “Асака банки” ва “Ўзсаноатқурилиш банки” иштирок этмоқда.

Ипотека кредитлари 15 йилга уч йиллик имтиёз даври билан берилади. Бир одамга бериладиган ипотека кредити энг оз иш ҳаққининг 1000 даражасидан ва қурилаётган уй лойиҳавий қийматининг 75 фоизидан кўп бўлмаслиги шарт.