АҚШ Шимолий Корея билан дипломатик мулоқот ғоясида собит

АҚШ Давлат котиби Рекс Тиллерсон.

АҚШ Давлат котиби Рекс Тиллерсон Вашингтон Шимолий Корея билан дипломатик мулоқот ғоясида собит эканини, мазкур мулоқот ўтказилиши ёки ўткзилмаслигини ҳал этиш Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Иннинг сиёсий иродасига боғлиқ эканини яна бир бор тасдиқлади.

15 август куни Пхеньяннинг яқин иттифоқчилари бўлган Москва ва Бейжин Шимолий Корея ва АҚШ ўртасидаги кескинликни юмшатиш учун музокаралар ўтказишга чақирганидан сўнг Тиллерсон мана шундай баёнот берди.

Жанубий Корея президенти Мун Чже Ин эса 15 август куни Сеулда сўзлаган нутқида:

-Корея ярим оролида ҳарбий ҳаракатларни ўтказиш масаласи фақат Жанубий Корея томонидан ҳал этилади. Ҳеч ким Жанубий Корея розилигисиз ҳарбий амалиётлар тўғрисида қарор қабул қила олмайди, -деб айтди.

15 август куни Шимолий Корея АҚШ ҳарбий базаси жойлашган Гуам оролига ракета зарбаси беришни кечиктирганини билдирган эди. Шимолий Корея 9 августда АҚШга Гуам оролларига ракета зарбаси бериш билан таҳдид қилганди.