БМТ Бош котиби рохинжа мусулмонлар тақдиридан ташвиш билдирди

БМТ Бош котиби Антонио Гутерриш.

БМТ Бош котиби Антонио Гутерриш Мьянма ҳукуматини рохинжа мусулмонларга нисбатан зўравонликларни тўхтатишга чақирди.

-Мен Мьянма ҳукуматини ҳарбий ҳаракатларни ва зўравонликларни тўхтатишга, қонун устиворлигини таъминлашга ва мамлакатни ташлаб чиқиб кетганларнинг ўз уйларига қайтиш ҳуқуқини тан олишга чақираман, -деди Гуттериш.

БМТ Бош котиби 13 сентябрда сўзлаган нутқида рохинжа мусулмонларининг вазияти гумианитар ҳалокат ёқасида эканини таъкидлади ва БМТ Инсон ҳуқуқлари олий комиссарлигининг Мьянмада рохинжа мусулмонларига нисбатан намунавий этник тозалаш ўтказилаётгани тўғрисидаги хулосасига қўшилишини билдирди.

БМТ маълумотларига кўра, Мьянмада рохинжа мусулмонларига қарши 25 августда зўравонлилкарнинг бошланиши ортидан 380 минг рохинжа мусулмони мамлакатни тарк этиб, Бангладешга қочган.

Мьянмада рохинжа мусулмонларга нисбатан зўравонликларга қарши қатор мамлакатларда норозилик митинглари бўлиб ўтган.

Халқаро ҳамжамият, жумладан, Ўзбекистон ҳукумати ҳам Мьянма раҳбариятини рохинжа мусулмонларга қарши зўравонликларни тўхтатишга чақирган эди.