Мирзиёев Сочига қайси учоқда кетди?

Президент Ш.Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясида қатнашиш учун Нью-Йоркка Алишер Усмоновнинг учоғида боргани хабар қилинган.

Би-би-си Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев МДҲ давлат раҳбарлари кенгашининг мажлисида иштирок этиш учун Сочига яна миллиардер Алишер Усмоновга қарашли самолётдан фойдаланганига тахминни ўртага ташлайди.

Нашр ўзи кузатиб турган “парвозлар ҳаракатини намойиш қилувчи радар вебсайтида Алишер Усмоновнинг M-IABU регистрацион рақамли самолёти бугун Тошкентдан ҳавога кўтарилиб, Россиянинг Сочи шаҳрига маҳаллий вақт билан 17:12да қўнгани намоён бўлади”, деб ёзади.

Қайд этилишича, мазкур учоқ соҳиби Алишер Усмоновнинг бу саммитда иштирок этиши режаланмаган.

Би-би-си президент Мирзиёевнинг Сочига қўнишига оид лавҳалар маҳаллий ТВ ва бошқа нашрларда акс этмаганига эътибор қаратган.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёевнинг Алишер Усмоновга қарашли "Бурхон" учоғида Нью-Йоркка (АҚШ) учиб боргани хабар қилинганди.