Қримда камида 70 қримтатар фаол судланди

Севастополдаги норозилик акцияларидан бири. 2017 йилнинг 15 декабри.

Россия томонидан аннекция қилинган Қримда пикетлар ўтказишда айбланиб қўлга олинган ўнлаб қримтатар ҳуқуқ фаолларига нисбатан 18 декабрда суд жараёнлари бўлиб ўтди.

Симферопол, Жонқўй, Алушта ва Судоқ шаҳарларида камида 70 қримтатар фаолга нисбатан судлар ўтказилди ва уларнинг 45 нафарига жарима кўринишидаги жазо чоралари белгиланди.

Халқаро амнистия ташкилоти мазкур суд жараёнларини “аста-секинлик билан қилинаётган қароқчилик”, деб баҳолади.

Мазкур судлар БМТ Бош Ассамблеясида Қримдаги татарларнинг ҳуқуқлари бузилишига оид масаласни муҳокама қилинишидан бир кун аввал ўтказилди.

Қримтатарлари октябрь ойида Россиянинг Қримдаги сиёсатига қарши кўплаб норозилик пикетлари ўтказган эдилар. Қримтатарлари Қримнинг Россия томонидан аннекция қилинганига бир неча йилдан бери норозилик билдириб келмоқда.