Фаластин АҚШдаги элчисини "маслаҳатлашув учун" чақиртириб олди

ISRAEL -- Israeli border policemen and Palestinians scuffle after Friday prayers in Jerusalem's Old City, December 8, 2017

Фаластин ҳукумати 31 декабрда Вашингтондаги элчисини маслаҳатлашув учун АҚШдан чақиртириб олди. Расмий маълумотда билдирилишича, маслаҳатлашувда Фаластиннинг АҚШ билан бундан буёнги муносабатлари қай тарзда бўлиши муҳокама этилади.

Фаластин АҚШдаги элчисини президент Дональд Трамп Вашингтон Қуддусни Исроил пойтахти сифатида тан олишини эълон қилганидан бир неча ҳафта ўтгач чақиртириб олди.

Трамп 6 декабрда Қуддусни Исроил пойтахти сифатида тан олинишини эълон қилгани халқаро ҳамжамиятнинг норозилига сабаб бўлган эди.

Бу қарор ортидан фаластинликлар норозилик намойишлари ўтказган. Намойишчиларнинг Исроил ҳарбийлари билан тўқнашуви оқибатида камида 13 фаластинлик ҳалок бўлган эди.

Кўплаб мусулмон давлатларида ҳам АҚШга қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти эса Истанбулда ўтган навбатдан ташқари шошилинч саммитда Шарқий Қуддусни Фаластиннинг босиб олинган пойтахти сифатида эълон қилган.

21 декабрда БМТ Бош ассамблеяси АҚШ Қуддусни Исроил пойтахти деб тан олиши ноқонуний эканини тасдиқловчи резолюцияни қабул қилди. Резолюцияни 128 давлат, жумладан, Ўзбекистон ҳам қўллади, 9 давлат қарши овоз берди, 35 давлат эса бетараф қолди.