Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:54

Араб давлатлари лигаси Трампнинг қарорини қоралади


Араб Лигасига аъзо мамлакатлар ташқи ишлар вазирлари Мисрдаги учрашувида АҚШ президенти Доналд Трампнинг Қуддусни Исроил пойтахти деб тан олиш тўғрисидаги қарорини қоралади.

10 декабрь куни тарқатилган якуний баёнотда араб мамлакатлари вазирлари қарорни “қонуний эмас” деб атади. Улар ўз мамлакатлари раҳбарларини Қуддус масаласида фавқулодда саммит – зирва чақиришга даъват қилди. Зирва Иорданияда ўтказилиши мумкин.

Қоҳирада бўлиб ўтган фавқулодда учрашувда қабул қилинган қарорда АҚШнинг режаси халқаро ҳуқуқни “қўпол тарзда бузиши “ ва “таҳдидли иш” бўлгани айтилади.

Трамп 6 декабрь куни Қўшма Штатлар Қуддусни Исроил давлатининг пойтахти деб расман тан олишини эълон қилди ҳамда АҚШ элчихонасини Тел-Авивдан ушбу бўлиниб қолган шаҳарга кўчиришга ваъда берди. Синчиларнинг айтишича, кўчиш 3-4 йил вақт олиши мумкин.

Трамп айни қарори фақат мавжуд воқеликни акс эттирганини айтди. Унинг фикрича, қарор Қўшма Штатларнинг Исроил-Фаластин можаросини ҳал этиш бўйича воситачилик мавқеидан воз кечишини англатмайди.

Қуддус шаҳри мақоми Исроил-Фаластин можаросининг энг нозик масалаларидан биридир.

Фаластинликлар ушбу шаҳарни бўлғуси давлати пойтахти деб билади. Исроил Шарқий Қуддусни босиб олган ва бутун шаҳарни ўзининг пойтахти деб эълон қилган эди, аммо унинг бу хатти-ҳаракатини жаҳон ҳамжамияти тан олгани йўқ. Кўпчилик мамлакатларнинг элчихоналари Тел-Авив шаҳридадир.

Шу пайтгача бошқа ҳеч бир мамлакат Қуддус шаҳрида элчихона очгани йўқ.

Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, Қуддус шаҳрининг мақоми бўйича баҳсларда АҚШ ҳукуматида ҳам якдиллик мавжуд эмас. Вице-президент Майк Пенс, АҚШнинг Исроилдаги элчиси Дэвид Фридман Қуддусни пойтахт сифатида тан олиш ва элчихонани кўчиришини талаб қилаётган бўлса, давлат котиби Рекс Тиллерсон ва мудофаа вазири Жим Мэттис уни Тел-Авивдан кўчиришга қарши чиқмоқда. Бу ҳақда АҚШ ҳукумати аъзолари исмини ошкор қилмаслик шарти билан хабар қилди.

Трамп сабрсизлик билан баҳсларга қиришди ва ўтган ҳафтада ёрдамчиларига сайлов кампанияси вақтида берган ваъдасини бажармоқчи эканини айтди.

Маҳмуд Аббос Трампга элчихонани кўчириш тинчлик ўрнатиш борасидаги саъй-ҳаракатлар ва минтақа хавфсизлиги учун “ёмон оқибатлар”ни келтириб чиқаришини айтди. Аммо Трамп унга Исроил-Фаластин можаросини тинч йўл билан ҳал қилиш тарафдори эканини билдирди.

XS
SM
MD
LG