АҚШ Покистонга хавфсизликни таъминлаш йўналиши бўйича ёрдамни тўхтатди

Покистон мудофаа вазири Хуррам Дастгир Хон.

АҚШ ҳукумати 4 январь куни Покистонга хавфсизлик масаласида кўрсатиладиган ёрдамни вақтинча тўхтатганини эълон қилди.

Вашингтонга кўра, Покистон Афғонистонга ҳужумларин амалга ошираётган Толибон ва Ҳаққоний гуруҳларига қарши ўз ҳудудида қатъий чоралар кўрмагунига қадар бу ёрдам тикланмайди.

Покистон мудофаа вазири Хуррам Дастгир Хон АҚШнинг бу қарорини шарҳлар экан:

-АҚШ маъмурияти қарорини таҳлил қилиб, стратегиямизни тезкорликда қайта кўриб чиқишимиз зарур. Покистон хавфсизлиги ишончли қўлларда бўлгани учун ҳам хавфсизлик масаласида ҳеч қандай ташвишларимиз йўқ. Бироқ АҚШ фавқулодда ҳаракатларни қўллаши ва бундан бизга зарар етиши мумкин. Биз бунга тайёргарлик кўраяпмиз, -деб айтди.

АҚШ президенти Дональд Трамп 2018 йилнинг 1 январидаги энг биринчи твиттида Покистонни яна экстремистлар бошпана топаётган жой сифатида айблади ва бу мамлакатга берилаётган миллиардлаб доллар молиявий ёрдамни тўхтатишини айтди.

Трамп АҚШнинг сўнгги 15 йил ичида Покистонга 33 миллиард доллар ёрдам кўрсатганини “аҳмоқлик”, деб атади. Президентга кўра, АҚШдан молиявий ёрдамни олган Покистон амалий иш қилмаган ва Вашингтонни алдаб келган.