Тошкентда ўтадиган Афғонистон бўйича халқаро учрашувга Россия, АҚШ ва Хитой таклиф этилди

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов.

Ўзбекистон Россия, Хитой ва АҚШни Афғонистон масаласи бўйича 26-27 март кунлари Тошкентда ўтадиган халқаро анжуманга таклиф қилди. Новости агентлиги бу ҳақда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловга таянган ҳолда хабар берди.

Хабарда айтилишича, Абдулазиз Комилов 23 февраль куни Москвада Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан учрашганидан сўнг берган интервьюсида “Глобал даражада Россия, Хитой ва АҚШни, минтақавий даражада Покистон, Эрон ва Ҳиндистонни, халқаро даражада БМТ ва Европа Иттифоқини таклиф қилдик”, деб айтган.

Комиловга кўра, мазкур анжумандан сўнг Афғонистонда ўзаро курашаётган томонлар ўртасида сиёсий мулоқот бошланиши кутилмоқда.

Халқаро анжуман ўтказиш бўйича Ўзбекистон ва Афғонистоннинг мазкур қўшма ташаббусини қатор давлатлар, жумладан, Хитой, Россия ва АҚШ қўллаб қувватлаган эди.

Бу ташаббус 19 январда БМТ Хавфсизлик кенгашининг Афғонистон ва Марказий Осиё бўйича ўтган йиғилишида эълон қилинган эди.