Фарғонада инвестициявий хаб ташкил этилади

Фарғона манзараси.

Фарғона вилоятида хорижий сармояларни тўғридан-тўғри жалб қилиш билан шуғулланадиган инвестициявий хаб ташкил этилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёевнинг Фарғонага 12 июнда қилган ташрифи чоғида билдирилди.

Хабарда айтилишича, хабнинг хориждаги доимий ваколатхоналари, биродарлашган шаҳарлар ва Ўзбекистонда ишлаётган чет эллик ишбилармонлар воситасида 161 миллион доллардан ортиқ инвестиция олиб келиш режалаштирилмоқда.

Хаб жалб қилган инвестициялар янги корхоналарни ташкил этиш, мавжуд корхоналарни модернизация қилишга сарфланади. Бунинг ортидан 2 минг 700 дан ортиқ иш ўрни яратиш режалаштирилмоқда.

“Президент бу тизимни такомиллаштириш, бундай хабларни бошқа ҳудудларда ҳам ташкил этиш, иқтисодий барқарор корхоналарни кўпайтириш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берди”, дейилган президент матбуот хизмати хабарида.