Ўзбекистонликларнинг қариндошларига 5 йиллик виза бериш масаласи ўрганилмоқда

Ўзбекистонга келувчиларга Vatandosh, Silk road ва Golden визаларини жорий этиш режалаштирилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев 4 июль куни имзолаган “Чет эл фуқароларининг Ўзбекистон Республикасига кириш тартибларини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорда бу борадаги таклифлар ҳукуматга жорий йилнинг октябрь ойигача тақдим этилиши лозим.

“Кун уз” нашрининг ёзишича, Silk road виза режими “Буюк Ипак йўли” бўйида жойлашган давлатларнинг бир нечтасига ташриф буюриш ҳуқуқини беради.

Vatandosh визаси асли ўзбекистонлик ватандошлар ва уларнинг яқин қариндошлари учун берилади.

Мамлакатга йирик миқдордаги сармоя олиб киришни кўзлаётган сармоядорларга Golden visa’ни 10 йил муддатга бериш таклифи кўриб чиқилмоқда.

Қарорда асли ўзбекистонлик ва уларнинг қариндошлари бўлган хорижий шахсларга визани 5 йиллик муддатга бериш таклифи ҳам ўрганилиши белгиланган.