Ботир Асадов Ўзбекистоннинг Россиядаги элчиси бўлди

Ўзбекистон республикасининг Москвадаги элчихонаси.

Ўзбекистоннинг Россиядаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси лавозимига Ботир Асадов тайинланди.

Ташқи ишлар вазирлигининг 9 октябрда маълум қилишича, Асадов бунга қадар ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаган.

Асадовдан аввалги элчи Баҳром Ашрафхонов сентябрнинг ўрталарида «Ўзбекнефтгаз» ширкати бошқаруви раиси лавозимига тайинланган эди.

Ўзбек маҳаллий нашрларининг ёзишича, Ботир Асадов олийгоҳни битирибоқ Ташқи иқтисодий алоқлар вазирлигида иш бошлаган.

Етти йилдан сўнг Ўзбекистон президенти қошидаги Миллий хавфсизлик кенгашида катта маслаҳатчи лавозимига тайинланган.

2015-2017 йилларда Ўзбекистоннинг Жанубий Кореядаги элчиси бўлган. Шундан сўнг Сенатор сифатида хориж давлатлари билан дипломатик алоқаларни мустаҳкамлаш масаласида ишлаган.