Қамоқда 17 йил сақланган Мамадали Маҳмудов пойтахтни Жиззахга кўчиришни таклиф қилди

Мамадали Маҳмудов.

Эврил Турон тахаллуси билан ижод қилувчи Мамадали Маҳмудов келажакда Ўзбекистон пойтахтини Тошкентдан Жиззахга кўчиришни таклиф қилди.

ЎзА томонидан чоп этилган “Олтин ўлка” деб номланган эссесида ёзувчи “Мен шундай таклиф киритаман: Ўзбекистон иқтисодий қудрат чўққисига чиққанда, Бошкентни мамлакатни нисбатан ўрталиғи бўлмиш – Жиззах ўлкасига кўчириш керак”, деб таклиф қиритган.

Мамадали Маҳмудов бу таклифни асослашга уринар экан: “Тошкент юртимизнинг энг четида қарор топган. Шу ноқулайлик билан бирга лойсувоқ кулбалар пала-партиш ва зич қурилган. Янги бинолар бунёд этиш учун уларни бузиш, кулба эгаларини яшаш жой билан таъминлаш лозим. Бунга қанча пул кетади? Менимча: миллиардлар...

Агар бошкент Ғаллаорол, Зомин ва ёхуд Боғдон ҳудудларида қурилса, миллиард-миллиард долларлар тежалади. Чунки бузиладиган уйлар йўқ. Ўнлаб Тошкент жойлашадиган бўш ва баҳаво гўзал ерлар мавжуд”, -деб ёзди.

Унга кўра, янги пойтахтни қуриш учун “ер ости, усти бойлиги тежаб ишлатилса, ўмарилган миллиардлар ($) ўзбек ғазнасига қўйилса, йигирма беш йиллик олтин Ватанга қайтарилса, коррупция илдизи таг-туги билан чопилса, юртда шаффоф декларация ўтказилса, ҳашарга чет эл давлатлари тортилса” имконият пайдо бўлади.

75 ёшли Мамадали Маҳмудов 1999 йил 16 февралдаги Тошкент портлашларига алоқадорлик айби билан портлашлардан 10 кун ўтиб ҳибсга олинган ва 14 йилга озодликдан маҳрум этилган эди. Аммо у қамоқда 17 йил сақланди ва 2013 йилнинг апрелида озодликка чиқарилган.

Мамадали Маҳмудов 2018 йилнинг 16 ноябрь куни Ўзбекистон Ëзувчилар уюшмаси аъзолигига қайта тикланган.