Эрон, ЖАР ва Ҳонконг аҳолиси Ўзбекистонга электрон виза олиши мумкин

Эрон, Жанубий Африка Республикаси ва Хитойнинг Ҳонконг махсус тумани Ўзбекистонга келиш учун электрон виза расмийлаштира оладиган давлатлар рўйхатига киритилди.

Туризмни ривожлантириш қўмитасининг билдиришича, мазкур давлат фуқароларига Ўзбекистонда яшаш ҳуқуқи ҳам берилиши мумкин.

Расмий маълумотда президент Шавкат Мирзиёев 19 март куни имзолаган фармонда мана шундай кўрсатма берилгани айтилади.

Ўзбекистонда доимий яшаш ҳуқуқи, ҳукумат қарорига асосан, Тошкентда ва Тошкент вилоятида камида 400 минг долларга, Самарқанд, Бухоро, Хоразм, Андижон, Наманган ва Фарғонада камида 200 минг долларга, бошқа ҳудудларда камида 100 минг долларга кўчмас мулк сотиб олган хорижликларга берилади.

2019 йилнинг 1 февралидан Ўзбекистонга 45 давлат фуқаросига 30 кунлик муддатга визасиз киришга рухсат берилган эди. Шунингдек, 2-3 иш кунида бериладиган электрон визалар билан мамлакатга қисқа муддатга саёҳат қилиш имкони берилган мамлакатлар сони ҳам 76 тага етказилган.

18 март куни президент Мирзиёев Бирлашган Араб Амирликлари фуқароларига Ўзбекистонга 30 кунгача визасиз келиб кетиш ҳуқуқини берувчи фармонни ҳам имзолаган эди.