ОАВ: Ўзбекистон Толибон музокарачиларини қабул қилиши мумкин

Қатарда февраль ойида Толибон ва АҚШ расмийлари ўртасида ўтган учрашув.

Расмий Тошкент Афғонистон ҳукуматига Ўзбекистон ҳудудида Толибон билан тинчлик музокаралари ўтказишни таклиф этгани хабар қилинди.

TOLOnews нашрининг 1 апрель куни ёзишича, бу таклифни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Кобулда Афғонистон президенти Ашраф Ғани билан ўтган учрашуви чоғида киритди.

Хабарда айтилишича, Абдулазиз Комилов: «Ўзбекистон Толибон музокарачиларини қабул қилиши мумкин, агар улар Афғонистон ҳукумати билан тўғридан-тўғри музокаралар ўтказишга тайёр бўлсалар», - деб билдирган.

Ўз ўрнида Ашраф Ғани Ўзбекистон ҳукумати вакилларини Толибон билан ўтказилаётган тинчлик музокараларида иштирок этишга чақирган ва Тошкентга қўллаб-қувватлаётгани учун миннатдорчилик билдирган.

Абдулазиз Комилов ва Ўзбекистоннинг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев 4 март куни Қатарда Толибон амирининг муовини мулла Абдулғани Бародар билан ҳам учрашган эди. Ўшанда Бародар Тошкентда 2018 йилнинг мартида Афғонистон бўйича ўтказилган халқаро анжуман натижаларини юқори баҳолаган.

Толибон Афғонистон ҳукуматини ноқонуний деб ҳисоблайди. Шунинг учун толибон афғон ҳукумати билан тўғридан-тўғри музокаралар ўтказишдан бош тортиб, АҚШ расмийлари билан музокара ўтказиб келади.