GM Uzbekistan Қирғизистонга Ravon сотиш қайта тикланганини билдирди

“Ўзавтосаноат” акциядорлик компанияси ўз расмий сайтида эълон қилган баëнотга кўра¸ 22 апрелдан GM Uzbekistan АЖ автомобилларини Қирғизистон Республикасига экспорт қилиш қайта йўлга қўйилган.

Айтилишича¸ Қирғизистонга автомобиллар Ravon бренди остида экспорт қилинади.

“Ўзавтосаноат” баëнотида GM Uzbekistan автомобилларининг Беларус, Афғонистон ва Тожикистонга экспорт қилиниши айтилади.

Шунингдек Қозоғистоннинг Костанай шахридаги “СариаркаАвтоПром” заводида компания автомобилларини йирик узелли йиғиш йўлга қўйилди.2019 йил GM Uzbekistan фаолиятида экспорт салоҳиятини ошириш йили деб эълон қилинган, бугунги кунда компания мазкур йўналишдаги фаолиятини янада кенгайтириш борасида музокаралар олиб бормоқда”¸ дейилади расмий хабарда.

Европа бизнес уюшмаси март ойида эълон қилган ҳисоботга кўра, 2018 йил февралида Россияда Ravon русумидаги 1,5 мингга яқин автомобиль сотилган бўлса¸ 2019 йил февралида бу кўрсаткич нолга тенг бўлган.

Ўтган йил декабрида Россия Техник назорат ва метрология федерал агентлиги (Росстандарт) 2017 йил май ойидан 2018 йил мартигача сотилган Ravon Nexia R3 русумидаги 5219 та автомобиль техник носозлик ортидан ишлаб чиқарувчи томонидан қайтариб олинганини эълон қилган эди.