“Рус гуманитар миссияси” Ўзбекистонда рус тили ўқитувчилари танловини ўтказди

7 июнь куни Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Энг яхши рус тили ўқитувчиси” танлови ғолиблари эълон қилинди ва уларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Бу ҳақда хабар қилган Халқ таълими вазирлигига кўра, танловнинг республика босқичида 1-босқичда ғолибликни қўлга киритган 36 нафар иштирокчи комиссия томонидан рус тили фани бўйича тест синовлари, ёзма иш, дарс машғулоти, замонавий АКТ ёрдамида дарс ишланма тайёрлаш каби 4 та шарт бўйича 100 баллик тизимда баҳоланди. Ҳакамлар ҳайъати томонидан энг юқори баҳоланган 10 нафар ўқитувчи “Энг яхши рус тили ўқитувчиси” танлови ғолиби деб топилди.​

Танлов ғолиблари ташкилотчиларнинг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирлангани, улар Россия Федерациясига беш кунлик саёҳат қилиш имкониятини қўлга киритгани хабар қилинди.

Танлов Халқ таълими вазирлиги, “Sharq Ayoli” Халкаро Аёллар Жамоат Фонди ҳамда Россиянинг “Русская гуманитарная миссия” (“Рус гуманитар миссияси”) ташкилоти томонидан уюштирилган.

Давлат тепасига Шавкат Мирзиёев келганидан буён Ўзбекистоннинг Россия билан алоқалари ҳамда мамлакатда рус тилига эътибор кучаяётгани кузатилмоқда.

Яқинда эса, бир гуруҳ зиёлилар Ўзбекистонда рус тилига расмий тил мақомини бериш ташаббуси билан чиққан эди.