Учқўрғонда Хитой ёрдамида қурилган кичик ГЭС каскадлари ишга туширилди

Иллюстратив сурат.

Наманган вилояти Учқўрғон туманида Катта Фарғона каналига барпо этилган кичик гидроэлектр станциялар 9 июль куни ишга туширилди.

2018 йилнинг 31 июлда ЎзА ГЭСлар каскади 2019 йилнинг Наврўзидан бошлаб аҳолига электр энергиясини етказиб бера бошлаши режалаштирилаётганини хабар қилганди.

Мазкур ГЭС каскадларининг қурилиши 2017 йилнинг июнь ойида бошланган эди. 12 МВт қувватга эга бўлган кичик ГЭСлар каскади Наманган вилоятида йиллик электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмини 72,89 млн. кВт. соатга оширади.

“Бу эса 48 минг хонадонни ёки вилоятнинг Учқўрғон туманини узлуксиз экологик тоза ва қайта тикланувчи электр энергияси билан тўлиқ таъминлашга имкон беради”, дейилади расмий хабарда.

ГЭС лойиҳасининг умумий қиймати 31 миллион долларни ташкил қилган. Унинг 22 миллион 300 минг долларини «Ўзбекгидроэнерго», қолган қисмини эса Хитойнинг «Эксимбанки» берган.