Мустақиллик муносабати билан Бухорода 16 маҳбуснинг жазоси енгиллаштирилди

Иллюстратив сурат.

Мустақилликнинг 28 йиллиги муносабати билан Бухорода 15 нафар маҳкумнинг жазоси енгиллаштирилди, бир нафар маҳбус озод этилди. Бу ҳақда «Дарё» нашри хабар берди.

Хабарда айтилишича, Бухородаги 1-сонли жазони ижро этиш колониясида сайёр суд мажлиси бўлиб ўтган ва унда 15 нафар маҳбус манзил-колонияга ўтказилган. Бир маҳбус озод этилди. Уларнинг барчаси жазо муддатининг асосий қисмини ўтаб бўлган. Суд уларнинг “қилмишидан чин кўнглидан пушаймонлигини инобатга олган”.

“Манзил-колонияда маҳкумлар соқчисиз, эркин ва фуқаролар кийимида юриши, чекланмаган миқдорда телефон орқали сўзлашиши, муассаса бошлиғи қарорига биноан манзил-колония ҳудудида ёки ундан ташқарида оиласи билан алоҳида яшашига рухсат берилиши ҳам мумкин”, дейилади хабарда.

Аввалроқ Президент Шавкат Мирзиёев Мустақилликнинг 28 йиллиги муносабати билан 65 нафар маҳкумни афв этиш тўғрисидаги фармонни имзолагани хабар қилинган эди.