Ўзбекистондан Афғонистонга етказиб берилаётган электр энергияси таъминотида узилиш содир бўлди

Иллюстратив сурат.

Афғонистонга Ўзбекистондан электр энергиясини ташувчи линияларга қилинган ҳужум ортидан Афғонистоннинг 11 вилоятида, жумладан, пойтахт Кобулда электр энергияси таъминотида узилиш содир бўлди.

tolonews.com нашрининг хабар қилишича, “Да Афғонистон Брешна Ширкат” (ДАБШ) ширкати эълон қилган баёнотда ҳукуматга қарши қуролланган жангарилар мамлакат шимолидаги Бағлон вилоятида электр энергияси узатиш линиясининг икки устунини барбод қилгани айтилади.

ДАБШ матбуот котиби Ваҳидуллоҳ Тавҳидий:

- Ҳодиса шанба куни соат 10:00 ларда содир бўлган. Икки устун портловчи моддалар ёрдамида барбод қилинган, - деди.

Зарар кўрган линиялар орқали Кобул шимолидаги индустриал парклардаги иншоотлар электр энергияси билан таъминланиб турган.

Айрим кобулликлар мамлакатда электр энергияси инфратузилмаси етарлича ривожланмагани учун ҳукуматни танқид қилди.

Кейинги йилда Афғонистонда электр энергияси тармоқлари фаолияти бир неча марта издан чиқарилди.

  • Ўзбекистон Афғонистонни электр энергияси билан таъминлашга қаратилган «Сурхон — Пули-Хумри» электр узатиш линияси қурилиши лойиҳасига 45 миллион доллар ажратажаги тўғрисида 2019 йилнинг июли бошида хабар қилинган эди.
  • TOLOnews нашрининг 2 июлда билдиришича, бу борада Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов Афғонистоннинг Балх вилояти ҳокими Абдулла Абдулла билан учрашув пайтида маълум қилган.
  • Электр узатиш линиясининг узунлиги 200 километрни, умумий қиймати эса 110 миллион долларни ташкил қилиши айтилган.
  • 1 июль куни Ўзбекистон жанубидан Афғонистон шимолига электр энергиясини етказиб бериш бўйича икки мамлакат ўртасида шартнома имзоланаётгани хабар қилинган эди.