Ўн кун ичида Россияда камида олти нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлди

Муҳожирлардан бирининг жасади Петербургдаги фаст-фуд ошхнасидан топилган.

Россиянинг Владивосток шаҳрида уч кун ичида уч нафар ўзбекистонлик муҳожир вафот этди.

Ташқи ишлар вазирлигининг 25 сентябрда билдиришича, 20 сентябрда С.Р. исмли аёл соғлиғи ёмонлашгани оқибатида вафот этган. 21 сентябрда Г.Н. исмли аёл, 22 сентябрда эса Х.Н. исмли эркак турли бахтсиз ҳодисалар оқибатида ҳалок бўлди.

Ташқи ишлар вазирлиги улар айнан қандай бахтсиз ҳодиса қурбонлари бўлгани ҳақида маълумот бермаган.

Озодлик радиоси аввалроқ ташқи ишлар вазирлиги маълумотларига таянган ҳолда 16 сентябрдан 22 сентябргача Петербургда уч нафар ўзбекистонлик ўлгани ҳақида хабар берганди.

16 сентябрда Санкт -Петербург шаҳридаги "Бургер кинг" фаст-фуд ошхоналаридан бирида ошпаз бўлиб ишловчи ўзбекистонлик муҳожирнинг жасади топилган.

19 сентябрь куни ҳам Петербургнинг Фин қўлтиғида Ўзбекистонлик аёлнинг жасади топилган эди.

21 сентябрь куни Фуршатск кўчасида жароҳатланган ҳолатда топилиб, касалхонага етказилган Ўзбекистон фуқароси 22 сентябрь куни вафот этган.

Озодлик радиоси 16 сентябрда Петербургда бир ўзбекистонлик миллатчилар томонидан пичоқланиб касалхонага ётқизилгани тўғрисида хабар берган эди.

19 сентябрда мазкур жиноятни содир этишда айбланиб миллатчилар гуруҳига мансуб экани айтилаётган Роман Кулев ва Владислав Смоликов қамоққа олинган.