Линклар

Шошилинч хабар
27 феврал 2020, Тошкент вақти: 04:31

Ўзбекистон хабарлари

Петербургда ўзбекистонликни пичоқлаган миллатчилар қамоққа олинди

Иллюстратив сурат.

Санкт-Петербург шаҳрининг Красногвардейск туман суди Ўзбекистон фуқаросини ўлдиришга ҳаракат қилган икки нафар россияликни қамоққа олиш тўғрисида қарор чиқарди.

Санкт-Петербург судлари бирлашган матбуот хизматининг 19 сентябрда билдиришича, Роман Кулев ва Владислав Смоликов эҳтиёт чораси сифатида 16 ноябргача ҳибсда сақланади.

Терговнинг билдиришича, Кулев ва Смоликов 16 сентябрь куни Среднеохтинск проспектида Ўзбекистон фуқаросига уч марта пичоқ урган. Ўзбекистонлик муҳожир оғир аҳволда касалхонага ётқизилган. Бу воқеа тўғрисида Озодлик радиоси 18 сентябрь куни хабар берган эди.

Тергов Кулев ва Смоликов мазкур жиноятни миллий нафрат асосида амалга оширган, деб ҳисобламоқда. Айбланувчилар ўзларига билдирилган айбловни тан олмади.

“Сова” ахборот-таҳлилий марказининг билдиришича, 2019 йилнинг январидан августигача Россиянинг 14 минтақасида миллатчилар ҳужумлари қайд этилган. Ҳужумлар оқибатида беш одам ҳалок бўлган, 26 одам жароҳатланган.

Кун янгиликлари

ИИББ: Тошкентда Суриядаги террорчи гуруҳларга қўшилишни режалаган 21 шахс фаолияти фош этилди

"Ислом давлати" гуруҳининг Суриядаги жангарилари.

"Жорий йилнинг 26 февраль куни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳудудида яширин фаолият олиб борган халқаро террористик ташкилот ва экстремистик оқим ёлловчиларининг ғоявий таъсирига тушган бир гуруҳ шахсларнинг ноқонуний фаолиятига чек қўйилди" деб хабар қилди Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизмати.

ИИББ расмий баëнотида ëзилишича¸ бу шахслар «ноқонуний диний йиғилишлар ўтказиб, унда Суриядаги халқаро террористик ташкилотлар ғояларини тарғиб қилиб, уларни фаолиятини қўллаб-қувватлаб, ушбу ташкилотлар сафига бориб қўшилишни режалаштириб келган».

«Ушбу ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 2442-моддаси 1-қисми (Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга рахбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) билан қўзғатилган жиноят иши доирасида пойтахт ва вилоят ҳудудидаги 24 та манзилларда тинтув тадбирлари ўтказилиб, 21 нафар шахслар ички ишлар идораларига келтирилди.

Ушбу шахсларнинг яшаш манзилларидан жиноятга алоқадор бўлган ашёвий далиллар топилиб, қонуний тартибда расмийлаштирилиб олинди ва тергов-суриштирув ишлари давом эттирилмоқда»¸ дейилади ИИББ хабарида.

Расмий хабарда фаолияти тўхтатилган «ноқонуний гуруҳ»нинг 21 аъзосига нисбатан қамоққа олиш эҳтиëт чораси қўлланган-қўлланмагани¸ уларнинг Суриядаги айнан қайси террорчи гуруҳга қўшилишни режалаганига оид маълумот йўқ.

Шу муносабат билан ИИББ ўзбекистонлик ëшларни «бузғунчи ғоялар таъсирига тушиб, ижтимоий тармоқларнинг шубҳали сайтларидаги даъватларга алданиб қолмаслик ҳамда жамоат тартибига таҳдид солувчи материаллардан фойдаланмаслик, сақламаслик ва тарқатмаслик»ка чақирган.

Ўзбекистон президенти 2019 йил 4 сентябрь куни имзолаган диний вазиятни соғломлаштиришга қаратилган махфий қарорда¸ мамлакатда диний сиëсатнинг юмшашини суиистеъмол қилиб¸ экстремистик ғояларни тарғиб қилувчиларнинг кўпайиб бораëтгани айтилган эди.

19 февралда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси пойтахт ҳудудида “Тавҳид ва жиҳод катибаси” халқаро террористик ташкилотининг бир гуруҳ тарафдор ва аъзолари - 21 киши қўлга олинганини хабар қилган эди.

Мирзиëев Навоий кон-металлургия комбинатида $4 миллиарлик лойиҳаларни амалга оширишни топширди

26 февраль кунги мажлис иштирокчилари.

Шавкат Мирзиёев 26 февраль куни Навоий кон-металлургия комбинатини ислоҳ қилиш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди¸ деб хабар қилди президент матбуот хизмати.

Ўзбекистондаги энг йирик саноат корхонаси саналган бу комбинат¸ расмий хабарда ëзилишича¸ мамлакатдаги жами саноат маҳсулотининг 10 фоизини ва бюджет даромадининг 18 фоизини таъминлайди ва унда 58 минг ходим ишлайди.

Хомашё ресурсларининг ҳажми бўйича (жорий олтин заҳираси 3,7 минг тонна ) жаҳондаги олтин ишлаб чиқарувчилар орасида учинчи ўринда турадиган Навоий кон-металлургия комбинати активларининг қиймати¸ айтилишича¸ хорижий компанияларникига нисбатан анча кам.

"Масалан, ҳозирги кунда комбинатнинг баланс қиймати 1,3 миллиард доллар бўлса, шу даражадаги хорижий корхоналарнинг бозор нархи 11 миллиард долларни ташкил этади"¸ дейилади расмий хабарда.

Миризëев 26 февраль кунги мажлисда 2026 йилга қадар корхонада ишлаб чиқариш ҳажмини 94 тоннага етказиш, бунинг учун 4 миллиард долларлик 40 та лойиҳани амалга ошириш¸ хусусан¸ қиймати 525 миллион доллар бўлган янги конни ўзлаштириш бўйича кўрсатма берган.

Японияга ишга юбораман деб 2000 доллардан пул олган хусусий бандлик агентлиги лицензияси тўхтатилди

HUMAN хусусий бандлик агентлигидан пулини ололмаган мижозлар.

Consort xususiy bandlik agentligi” МЧЖга Ўзбекистон Республикасидан ташқарида иш излаётган шахсларни ишга жойлаштириш фаолияти билан шуғулланиш учун берилган лицензиянинг амал қилиши вақтинчалик тўхтатилди”¸ деб хабар қилди Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги матбуот хизмати 26 февраль куни.

Бу қарорга вазирлик ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига “Consort xususiy bandlik agentligi” фаолияти устидан тушган кўплаб шикоят аризалари сабаб бўлган.

Расмий хабарда айтилишича¸ МЧЖ лицензиясининг амал қилиш муддати 10 иш кунига тўхтатилган ва шу муҳлат ичида ширкат ўз мижозлари шикоятларини ижобий ҳал қилиши керак.

Ўзбекистонликларни хорижга ишга юбориш лизенцияси берилган бу МЧЖ 10 кун ичида келишувга мувофиқ мижозларини ишга юбориши¸ ëхуд улар тўлаган пулни қайтариб бериши лозим.

2019 йилнинг 6 декабрь куни бу агентлик устидан Озодликка шикоят қилган мижозлар¸ “Consort xususiy bandlik agentligi” 100 га яқин одамдан Японияга ишга юбораман¸ деган ваъда билан 2000 доллардан пул олгани ва на ишга юборгани ва на пулни қайтарганини билдирган эди.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигидан лизенция олган хусусий бандлик агентликлари орасида фирибгарликда айбланиб судга тортилаëтганлари сони ошиб бормоқда.

18 февраль куни “Human” хусусий бандлик агентлигидан жабрланганлар билан учрашган Бош вазир Абдулла Арипов¸ мамлакатдаги барча хусусий бандлик агентликлари фаолияти тўхтатилиши ва бу ваколатнинг яна фақат Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига берилиши мумкинлигини билдирди.

Қонунчилик палатаси Шаҳарсозлик кодекси лойиҳасини қабул қилди

Янги Кодекс қабул қилинса¸ депутатлар таъкидича¸ қурилиш сифатини яхшилаш, маблағларнинг оқилона сарфланишини таъминлашга хизмат қилади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 25 февраль кунги мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг Шаҳарсозлик кодексини тасдиқлаш ҳақида»ги (янги таҳрир) қонун лойиҳаси биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қабул қилинди.

Бу ҳақда Қонунчилик палатаси матбуот хизмати маълум қилди.

Парламент билдирувида ëзилишича¸ Ўзбекистоннинг амалдаги Шаҳарсозлик кодекси эскирган ва “унда шаҳарсозликни техник тартибга солишнинг замонавий механизмлари ва рақобат муҳитини яратиш тизимлари кўзда тутилмаган”.

Депутатлар томонидан “қизғин муҳокама” қилинган Кодекснинг янги таҳририга 26 та янги модда қўшилиб, амалдаги 20 дан ортиқ модданинг мазмуни-моҳияти кенгайтирилган.

Хусусан¸ янги таҳрирдаги Кодекс “аҳоли пункти”, “шаҳар”, “шаҳарча” ва “қишлоқ (овул)”, объектлар турлари, “ўзбошимчалик билан қурилиш қилиш”, “урбанизация” каби тушунчалар, шаҳарсозлик фаолиятида фуқаролар муҳокамаси иштироки ва бошқа иборалар билан бойитилган”.

Янги таҳрирдаги Кодекс қабул қилинган тақдирда¸ расмий хабарда ëзилишича¸ “аҳоли пунктларининг бош режаларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш, шаҳар чегараларини аниқлашнинг янги қонуний асослари яратилиб, бу борада бюрократик тўсиқлар бартараф этилиши таъминланади”.

Шунингдек¸ янги Кодекс қабул қилинса¸ депутатлар таъкидича¸ қурилиш сифатини яхшилаш, маблағларнинг оқилона сарфланишини таъминланашга хизмат қилади.

ТИВ хорижга чиқмоқчи ўзбекистонликларни коронавирус хавфидан огоҳлантирди

Иллюстратив сурат.

Хизмат, туризм ва бошқа мақсадларда хорижга чиқишни режалаштираётган ўзбекистонликлар сафардан олдин соғликлари учун таҳдидларни диққат билан ўйлаб кўришлари лозим. Бу огоҳлантирув Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг 25 февраль куни ёйинланган хабарномасидан ўрин олган.

Унда айтилишича, чет элга чиқмоқчи бўлган ўзбекистонликлар борадиган мамлакатидаги эпидемиологик ҳолатни ўрганишлари ва сафар чоғида шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя қилишлари, жамоавий тадбирларда иштирок этишдан тийилишлари, одамлар тўпланадиган жойларда барча эҳтиёткорлик чораларини кўришлари зарур.

ТИВ сўнгги кунларда дунёнинг қатор давлатларида COVID-19 коронавирусининг тарқалиши билан боғлиқ вазиятнинг оғирлашганига, Хитой Халқ Республикаси билан бир қаторда Корея Республикаси, Япония, Эрон, Италия ва баъзи бошқа давлатларда беморлар сони ортиб бораётганига эътибор қаратган.

Андижонда атмосферага зарарли чиқиндилар чиқараётган цемент заводи фаолияти тўхтатилди

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистон Давлат экология қўмитаси Андижон вилоятининг Асака туманида жойлашган SING LIDA цемент заводи фаолиятини тўхтатиб қўйди. Бунга завод томонидан атроф-муҳитга зарарли ташламалар ташланаётгани сабаб ўлароқ келтирилган.

Давлат экология қўмитаси ахборот хизмати маълумотига кўра, қўмита вакиллари завод ишини тўхтатиш қарорига шу йил 12 февралидан 21 февралигача ўтказилган текшириш натижасида келганлар.

Текшириш чоғида корхонанинг клинкер тайёрлаш печининг ишлаш жараёнида циклонларнинг бир неча жойида туйнуклар мавжудлиги, мазкур туйнуклар орқали ифлослантирувчи моддалар тўғридан-тўғри атмосферага ташланаётгани аниқланган.

“Клинкер тайёрлаш печидаги ифлослантирувчи моддаларни ташлаш 1- ва 2-манбалардаги чанг тозалаш ускунасининг самарадорлигини ўлчаш учун лаборатория таҳлиллари ўтказилганида 1-манбадаги цемент чангини ушлаш қурилмасининг самарадорлиги 53,1 % (лойиҳа бўйича 99,9%), 2-манбадаги чанг ушлаш қурилмасининг самарадорлиги 60,7% (лойиҳа бўйича 99,9%) ни ташкил этиб, чангларни ушлаб қолиш самарадорлиги паст даражада эканлиги аниқланди”, дейилади хабарномада.

Қўмита мазкур ҳолатларда Ўзбекистон Республикасининг “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги ҳамда “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонунлари талаблари бузилганини қайд этади.

Экология қўмитаси аниқланган камчиликларни тезкорлик билан бартараф этиш, атмосфера ҳавосига ташланадиган ифлослантирувчи моддаларни камайтириш мақсадида жамият балансида мавжуд бўлган, бугунги кунда экологик талабларга жавоб бермайдиган ҳолатда ишлаб турган клинкер тайёрлаш печи ва цемент тайёрлаш тегирмони ускуналарининг фаолияти вақтинча тўхтатилди ва бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилганини урғулайди.

Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонаси бўлган SING LIDA 2013 йилдан бери фаолият кўрсатиб келмоқда. Завод йилига 100 минг тонна цемент ишлаб чиқариш қувватига эга.

Бўстонлиқда супа ва қайиқ солиғи жорий этилади

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси жорий йилнинг 1 майидан тажриба тариқасида бир йилга сайёҳлар кўп борадиган Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида супалар ва сув транспортига солиқ жорий этди. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Ҳукуматнинг шу йил 20 февралида имзоланган қарорига мувофиқ, Бўстонлиқда сув транспорти, сув мотоцикллари, қорда юрадиган техника воситалари, квадрацикллар, параплан ва дельтапланлар, шунингдек, супа, сўри ва шунга ўхшаш дам олиш жойлари жисмоний шахсларнинг даромад манбаи ҳисобланади ва солиққа тортилади.

Тажриба даврида жисмоний шахслар томонидан дам олиш уйлари, яшаш учун мўлжалланган турар жойлар ва бошқа айрим мол-мулклар махсус гувоҳнома асосида ижарага берилади.

Қайд этилишича, яқин кунларда Бўстонлиқ туманининг Ғазалкент шаҳри, Дўстлик, Сижжак ва Новобод маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудларида 4 та солиқ таянч пункти ташкил этилади. Уларда фаолият юритадиган ходимлар ушбу қарорда кўрсатилган ва солиққа тортиладиган кўчар ва кўчмас мулк объектларини ҳисобга олади.

“Тажрибадан мақсад солиқ тўловчилар томонидан ўз мажбуриятларини вақтида, тўлиқ ва тўғри бажарилишини таъминлашдир”, дейилади ДСҚ хабарномасида.

Ушбу тартиб-қоидалар тадбиркорлик субъекти сифатида давлат рўйхатидан ўтган ҳолда оилавий меҳмон уйлари ва айрим мол-мулк турларини ижарага бериш билан шуғулланадиган жисмоний шахсларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Мазкур солиқ экспериментини 2021 йил 1 майига қадар давом эттириш кўзда тутилган.

Ўзбек-қозоқ чегарасида йўлтўсарлик қилган тўда қўлга олинди

Иллюстратив сурат.

Қозоғистоннинг Туркистон вилоят полиция департаменти Криминал полиция бошқармаси вакиллари махсус хизмат ходимлари билан биргаликда “Сариоғочликлар” уюшган жиноятчилар тўдасини қўлга олдилар. Бу ҳақда Polisia.kz портали хабар қилади.

Хабарда айтилишича, жиноятчилар ўзбек-қозоқ чегарасидаги “Қоплонбек” масканида товламачилик билан шуғулланиб келганлар. Улар чегара масканидан ўтиш учун МДҲ мамлакатларидан бўлган юк машинаси ҳайдовчиларидан 15000 тангадан 50000 тангагача (тақрибан 40 доллардан 133 долларгача) пул талаб қилганлар.

Ҳайдовчилар пул беришдан бош тортган тақдирда йўлтўсарлар уларга таҳдид қилганлар, калтаклаганлар, машиналар ойналарини синдирганлар ва шиналарини тешиб қўйганлар.

Махсус амалиёт чоғида жами 13 нафар гумонланувчи ушланган. Уларнинг ҳаммаси Туркистон вилояти турғунлари бўлиб чиққан.

Айни пайтда мазкур ҳодисалар юзасидан Қозоғистон Жиноят кодексининг 194-моддаси (“Товламачилик”) бўйича судгача суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ҳибсга олинган гумонланувчилардан ашёвий далил ўлароқ милтиқ, пичоқ ва пуллар олиб қўйилган. Полиция жиноятчилар тўдасининг бошқа жиноятларга дахлдорлигини ўрганмоқда.

Мирзиёев молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига ўтишни жадаллаштирмоқчи

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев акциядорлик жамиятлари, тижорат банклари, суғурта ташкилотлари ва йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритилган юридик шахслар зиммасига 2021 йил охирига қадар молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига ўтиш мажбуриятини юклади. Мазкур талаб Президентнинг “Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига ўтиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида ўз аксини топган.

Қарорда белгиланишича, акциядорлик жамиятлари, тижорат банклари, суғурта ташкилотлари ва йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритилган юридик шахслар 2021 йил 1 январдан бошлаб молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари (МҲХС) асосида бухгалтерия ҳисоби юритилишини ташкил этиши ва 2021 йил якунларидан бошлаб молиявий ҳисоботни МҲХС асосида тайёрлаши лозим. Бунинг учун улардан 2021 йил якунига қадар бухгалтерларни халқаро сертификатлаш доирасида “МҲХС бўйича молиявий ҳисобот” фанини муваффақиятли топширганлиги тўғрисида ҳужжатга ёки халқаро бухгалтер сертификатига эга бўлган камида уч ҳисобчига эга бўлиш талаб этилади.

МҲХСни жорий этиш бўйича ваколатли орган этиб Молия вазирлиги белгиланган.

Қарорда молиявий ҳисоботни ихтиёрий равишда МҲХСга мувофиқ тайёрлайдиган тадбиркорлик субъектлари бухгалтерия ҳисобининг миллий стандартлари бўйича молиявий ҳисобот тақдим этишдан озод этилиши урғуланади.

Ҳужжатда МҲХСга ўтишни жадаллаштириш хорижий инвесторларни зарур ахборот муҳити билан таъминлаш ва халқаро молия бозорларига кириш имкониятларини кенгайтириш учун муҳимлиги таъкидланган.

Тўйга 200 дан ошиқ меҳмон чақирган мезбон $200, тўйхона эса $600 дан кўпроқ жарима тўлайди

25 февраль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан концептуал жиҳатдан қабул қилинган қонун лойиҳаси тўй-маросимларни ўтказишга оид ўтган йили қабул қилинган Низомни бузганлик учун жазо қўллашни кўзда тутади.

Парламент иккала палатаси томонидан 2019 йил 14 сентябрь куни қабул қилинган “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисидаги Низом”да бундай тадбирларни ўтказишнинг қатъий талаблари белгилаб берилган.

Хусусан¸ Низомда тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни фақат бир кун (дафн этиш маросими бундан мустасно) соат 06:00 ва 23:00 оралиғида ўтказиш¸ уларга кўпи билан 200 нафаргача¸ ошга эса¸ 250 нафаргача меҳмон чақириш¸ тўй тадбирларида 3 тадан кўп бўлган енгил автомашинадан фойдаланмаслик каби чекловлар ўрнатилган.

25 февраль куни Маъмурий кодексга киритиш маъқулланган қўшимчалар ана шу талаб ва чекловларни бузганлик учун жавобгарлик жорий қилишга қаратилган.

Маҳаллий матбуотнинг ëзишича¸ қонун лойиҳаси тасдиқланса¸ Низом қоидаларини бузган тўй ўтказувчи шахсга базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари (ҳозирда 2 230 000 сўм) миқдорида¸ тўйхона эгаларига эса¸ базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баравари (6 690 000 сўм) миқдорида жарима солинади.

Бундай ҳуқуқбузарлик бир йил давомида такрор содир этилса¸ базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари (11 150 000 сўм) миқдорида жарима солинади.

Ўзбекистонда тўй ва маросимларни ихчам ва камхарж ўтказишга уриниш кўпдан давом этиб келаëтганига қарамай¸ ҳозирча бундай саъй-ҳаракатларнинг натижа бермай келаëтгани кузатилади.

Мирзиëев Қозоғистон Бош вазири билан иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш ҳақида гаплашди

25 февраль куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев иккинчи Ўзбекистон-Қозоғистон ҳудудлараро ҳамкорлик форуми доирасида Тошкентга келган Қозоғистон Бош вазири Асқар Маминни қабул қилди.

Учрашувга оид расмий хабарда ëзилишича¸ Мирзиëев "кейинги йилларда икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали муносабатларнинг ривожланиш суръати тобора ортиб бораётганини катта мамнуният билан қайд этган".

Учрашувда, икки қўшни давлат ўртасидаги савдо-иқтисодиёт, инвестиция, транспорт-коммуникация, энергетика, аграр тармоқларда, таълим, маданият соҳалари ва бошқа устувор йўналишларда амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилган.

"Учрашув сўнгида кенг кўламли Ўзбекистон-Қозоғистон шериклиги доирасида янги иқтисодий кун тартибини шакллантириш бўйича “йўл харитаси”ни тайёрлашга келишиб олинди"¸ дейилади президент матбуот хизмати тарқатган хабарда.

Тиббиёт коллежлари ўрнида Ибн Сино мактаблари ташкил этилади

Президент Мирзиëев Соғлиқни сақлаш вазири билан соҳадаги вазиятни муҳокама қилмоқда.

25 февраль куни президент Шавкат Мирзиëев соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш масаласига бағишланган яна бир йиғилиш ўтказди.

Бу ҳақда хабар берган президент матбуот хизматига кўра¸ мажлисда “ўтган йилларда бу борада амалга оширилган улкан ислоҳотлар” тилга олинган.

“Шошилинч ва тез ёрдам йўналишида марказлашган яхлит тизим яратилди. Тез ёрдам бригадаларининг сони 818 тадан қарийб 2 мингтага етказилди ва аҳолига янада яқинлаштирилди”¸ дейилади расмий хабарда бу ислоҳотлар ҳақида .

Президент мазкур йиғилишда Ўзбекистонда ҳар 10 минг аҳолига 23 нафар шифокор тўғри келаëтгани¸ маҳаллий тиббиёт ходимлари кўникмасини оширишга эътибор қаратилмаëтгани¸ ихтисослашган марказ ва ҳудудий муассаса ўртасида вертикал тизим шаклланмаганини танқид қилган.

“Соғлиқни сақлаш соҳасини молиялаштириш тизими танқидий таҳлил этилди. 20-30 фоиз маблағ самарасиз сарфланаётгани кўрсатиб ўтилди. Юртимизда бирламчи тиббий-санитария учун ажратилаётган маблағ улуши 35-40 фоизни ташкил этади. Хорижда эса бу кўрсаткич 60 фоиздан ошади.

Давлат ва хусусий тиббиёт учун тенг шарт-шароит, рақобат муҳити яратилмаган. Молиялаштиришда электрон тизимнинг йўқлиги маблағлар унумдорлигини таҳлил қилиш имконини бермаяпти”¸ деб ëзди президент матбуот хизмати.

Йиғилишда Ўзбекистонда мажбурий тиббий суғуртага оид қонунлар қабул қилиб, уни босқичма-босқич жорий этиш¸ вилоятларда тиббиëт ходимлари учун малака ошириш курслари очиш¸ тиббиёт коллежлари ўрнида Ибн Сино мактаблари ташкил этиш ҳақида топшириқлар берилган.

NYT: Мирзиёев Трампга кумушдан ясалган Регистон макетини ҳадя қилган

АҚШ президенти Д.Трамп (ч) ва Ўзбекистон президенти Ш.Мирзиёев (ў), Вашингтон, 2018 йилнинг 16 майи.

АҚШ Федерал реестри президент Дональд Трамп, унинг рафиқаси Меланья ва Давлат котиби Майк Помпеонинг хорижий давлатлар вакилларидан 2018 йили қабул қилиб олган совғалари рўйхатини эълон қилди.

The New York Times нашри хабарига кўра, 2018 йили Трамп ва унинг оиласи чет элликлардан жами 88 минг 420 долларлик ҳадя қабул қилган.

Улар орасида Ўзбекистон президенти Ш. Мирзиёев туҳфалари ҳам салмоқли ўрин тутади. Хусусан, Мирзиёев президент Трампга Самарқанддаги “Регистон” мажмуасининг кумуш нусхасини (2950 долларга баҳоланган), президентнинг рафиқаси Меланьяга 4200 долларга баҳоланган ўрин ёпинғичини, Давлат котиби Помпеога эса ёғоч ўймакорлиги намунаси бўлган стол-стулларни (1580 долларга баҳоланган) тортиқ қилган.

Мирзиёевнинг Трампга берган совғаси Путинникидан қарийб икки баробар қимматроқ бўлган. Ўша йили Россия президенти америкалик ҳамкасбига 12 дона кумуш танга ҳадя қилган. Мазкур тўплам 1500 долларга баҳоланган.

Ўзбекистон билан Украина ўртасида ҳаво ва темирйўл қатнови тикланиши мумкин

Иллюстратив сурат.

Украинанинг Инфратузилма вазирлигида “Тошкент-Киев-Тошкент” йўналиши бўйича ҳаво қатновини ва “Тошкент-Харьков-Тошкент” бўйлаб темир йўл линиясини тиклаш масаласига бағишланган музокаралар бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Мазкур музокаралар ўзбек делегациясининг Киевга ташрифи доирасида ўтказилди. Вазирлик хабарномасида жорий йил 20-22 февраль кунлари Киев шаҳрида Ўзбекистон-Украина бизнес-форуми бўлиб ўтгани, анжуман доирасида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги раҳбарияти бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Украинанинг Тараққиёт, иқтисодиёт, савдо ва қишлоқ хўжалиги вазири Т. Милованов, Украина саноатчилар ва тадбиркорлар иттифоқи раҳбари А.Кинах, Украина Савдо–саноат палатаси раиси Г. Чижиков ҳамда Украина бизнеси вакиллари билан учрашувлар ўтказгани айтилади.

Қўчқоров иқтисодиёт вазири этиб тайинланди, Ишметов молия вазири бўлди

Жамшид Қўчқоров.

Шу пайтгача молия вазири лавозимида ишлаб келган Жамшид Қўчқоров иқтисодиёт ва саноат вазири бўлди, унинг ўрнига Тимур Ишметов тайинланди.

Бу ўзгаришлар, маҳаллий нашрлар хабарига кўра, 24 февраль куни Вазирлар Маҳкамаси йиғилишида амалга оширилган. Айни пайтда Ж. Қўчқоров молия, иқтисодиёт ва камбағаллик билан курашиш бўйича бош вазир ўринбосари лавозимига тайинлаган. У молия вазири лавозимида 2017 йилдан бери ишлаб келаётганди.

Янги вазир Тимур Ишметов эса шу пайтгача молия вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритаётганди.

Аввал иқтисодиёт ва саноат вазири лавозимида ишлаган Ботир Хўжаев эндиликда бош вазирнинг саноат ва кооперациялар бўйича маслаҳатчиси вазифасини бажаради.

Мирзиëев “Фарғонаазот”даги давлат улушини инвесторга сотишни топширди

Шавкат Мирзиëев 2019 йил 6 май куни Фарғона нефтни қайта ишлаш заводини сотиб олган Аъзам Асланов билан учрашди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 24 февраль куни кимё саноатини ислоҳ қилишга бағишланган йиғилиш ўтказди¸ деб хабар қилди президент расмий сайти.

Келтирилган расмий рақамларга кўра¸ берилган имтиëзлар оқибатида “кимё тармоғи ўтган йилни 2018 йилга нисбатан 2,3 баробар кўп фойда билан якунлаган”¸ янги мажмуалар ишга тушган¸ янги ишлаб чиқариш заводларини қуриш бошланган.

Айтилишича¸ президент йиғилиш давомида мураккаб таркибга эга бўлмаган кимё маҳсулотларининг четдан олиб келинаëтгани¸ экспорт структураси диверсификация қилинмагани, кимë саноатидаги ускуналарнинг 60 фоизи эскиргани, энергия сарфининг меъёрдан 2-3 баравар баландлигини танқид қилган.

Бу танқидлардан сўнг президент “Фарғонаазот” акциядорлик жамияти, Қўнғирот сода заводи ва Деҳқонобод калийли ўғитлар заводида давлат улушини инвесторларга сотиш ҳақида топшириқ берган.

24 февраль кунги йиғилишда кимë саноатини ривожлантириш мақсадида Жанубий Корея билан ҳамкорликда илмий-тадқиқот институти ташкил этиш, Тошкент кимё технология институтида мутахассисликлар ва ўқув дастурларини такомиллаштириш бўйича кўрсатмалар ҳам берилган.

Ўзбекистонда нефть-газ ва кимë саноатидаги йирик объектларнинг инвестор¸ хусусан¸ хориж инвестори деб тақдим этилаëтган шахс ва компанияларга сотилиш жараëни мустақил таҳлилчилар томонидан "шаффоф бўлмаган" жараëн сифатида танқидга учраб келмоқда.

Афғонистонда коронавирус тарқаши ортидан ўзбек-афғон чегарасининг ëпилиши кутилмоқда

Эрон-афғон чегарасидан ўтиш.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги Афғонистонда коронавирус эпидемияси бошланиши ортидан ўзбек-афғон чегарасини ëпишни таклиф қилди.

Бу таклиф коронавирусга қарши марказий штабнинг 24 февралдаги йиғилишида муҳокама қилинган.

Мазкур йиғилишга оид хабар тарқатган daryo.uz нашрига кўра¸ унда “Ўзбекистон—Афғонистон чегарасини вақтинча ёпиш, шунингдек, икки давлат ўртасидаги муносабатларга доир бошқа масалалар, кўриладиган чора-тадбирлар режаси муҳокама қилинган”.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги сайтида ҳозирча бу йиғилиш¸ хусусан¸ ўзбек-афғон чегарасининг вақтинча ëпилиши ҳақида расмий хабар берилмади.

24 февраль куни Афғонистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги мамлакатда уч одамнинг коронавирусга чалингани аниқланганини маълум қилди.

Беморлардан бирининг уни Эроннинг Қум шаҳрида юқтиргани аниқланиши ортидан Афғонистоннинг Эронга туташ ҳудудларида фавқулодда ҳолат эълон қилинди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти кунига янгилаб бораëтган коронавирус харитасига¸ ҳозирча Марказий Осиë давлатлари киритилмаган.

Доллар бироз арзонлади, евро қимматлади

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистон Марказий банки жорий йил 25 февралидан валюталарнинг сўмга нисбатан янги қийматини белгилаб берди.

МБ маълумотига кўра, сешанбадан АҚШ долларининг расмий курси ўтган ҳафтага нисбатан 2 сўм 21 тийинга арзонлаб, 9526 сўм 28 тийинни ташкил этади.

Евронинг расмий курси эса олдинги ҳафтадаги курсга нисбатан 10 сўмга қимматлаб, 10 минг 329 сўм 35 тийинга тенг бўлади.

Валюта қийматини белгилаш чоғида Марказий банк мазкур валюталарни ушбу қийматда сотиш ёки сотиб олиш мажбуриятини олмаган.

БМТ Бухоро тоғ қўйини ҳимоясига олди

Иллюстратив сурат.

Бухоро тоғ қўйи халқаро ҳимоя остига олинди. У БМТнинг кўчадиган ёввойи ҳайвонларни муҳофаза қилиш конвенцияси рўйхатига қўшилди. Бу ҳақда БМТ янгиликлар хизмати хабар қилади.

Мазкур рўйхатга Осиё фили, ягуар, ҳинд тувалоғи ва бошқа айрим ҳайвонлар ҳам қўшилган.

Тоғ қўйлари Марказий Осиёдан ташқари Яқин Шарқ билан Ҳиндистонда ҳам яшайди. БМТ маълумотига кўра, Совет Иттифоқи даврида Марказий Осиёда минг чоғли тоғ қўйи яшаган, кейинчалик уларнинг сони камайиб кетган.

Тошкент прокурори пойтахтнинг ҳар бир туманида миллионтадан дарахт экиш ташаббуси билан чиқди

Иллюстратив сурат.

Тошкент шаҳрининг ҳар бир туманида миллионтадан дарахт экилади. Бу ҳақда Тошкент прокурори Баҳриддин Валиев “Ўзбекистон 24” телеканалига берган интервьюсида билдирган.

Бу гапни Валиев пойтахтнинг Яккасарой туманида ноқонуний равишда 81 та дарахт кесилгани юзасидан берган изоҳида айтди.

Тошкентда 11 та туман борлиги инобатга олинса, келажакда бу тадбир ташаббускорларининг 11 миллионта дарахт экишларига тўғри келади.

Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманидаги Юнус Ражабий кўчасида жойлашган дарахтзорга қирон келтирилгани ҳақида Озодлик аввал хабар қилган. Бунинг ортидан масъул шахслардан 1 миллиард 891 минг 300 сўм жарима ундирилган.

Прокуратура дарахтларни кесишга рухсат берган Яккасарой туман ҳокими ўринбосари ва қурилиш компанияси мансабдорларига нисбатан жиноят иши қўзғатган.

Йўлакларда ташқи реклама объектларини ўрнатиш ман қилинади

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистонда тротуар ва пиёдалар йўлакларида ташқи реклама объектларини ўрнатиш тақиқланади. Мазкур тартиб Ўзбекистон ҳукуматининг шу йил 20 февралида қабул қилинмиш “Ташқи реклама бозорини тартибга солиш тўғрисида”ги қарорида кўзда тутилган.

Адлия вазирлигининг “Ҳуқуқий ахборот” Телеграм-канали маълумотига кўра, мазкур қарор билан ташқи реклама объектларини қуриш тартиби, қуриш учун бериладиган ер, бино ва иншоотлар рўйхатини шакллантириш, қуриш ҳуқуқини электрон аукцион орқали бериш тартиби тўғрисидаги низомлар тасдиқланган.

Молия вазири пенсия ёши оширилмаслигини таъкидлади

Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари, Молия вазири Жамшид Қўчқоров ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинаётган мавзу - пенсия ёши оширилишига оид хабарларга муносабат билдирди.

Вазир Жамшид Қўчқоров ўзининг Твиттердаги саҳифаси орқали хабар қилишича, Ўзбекистонда пенсия ёши ҳозирча оширилмайди.

"Ҳозирги даврда пенсия ёшини ошириш кўзда тутилмаган", дейди вазир Жамшид Қўчқоров.

Аввалроқ маҳаллий матбуотда Ўзбекистонда пенсия ёшини оширишдан бошқа илож йўқлиги айтилганди.

Жумладан, daryo.uz нашри ҳукуматдаги манбага таяниб, эркакларга 62, аёлларга 58 ёшни пенсияга чиқиш даври этиб белгилаш кўзда тутилаётгани ҳақида ёзганди.

Пенсия жамғармаси ижрочи директори биринчи ўринбосари Медет Тлеуовга кўра, мамлакатда қарийб 15 миллион иқтисодий фаол аҳоли бўлиб, уларнинг фақат 5 миллионга яқини солиқларни расман тўламоқда. Шу туфайли пенсия таъминоти тизими бугун солиқ тўловчилар қувватига чамбарчас боғланган.

Жамғарма расмийсининг таъкидлашича, Ўзбекистонда пенсия таъминоти давлат пенсияси, жамғариб бориладиган пенсия ҳамда ихтиёрий пенсиявий суғурталаш шаклидаги уч поғонали тизимга алмаштирилиши кутилмоқда.

Маълумот учун, Ўзбекистон давлат пенсия тизимини ривожлантириш ва янгилаш бўйича концепция лойиҳаси 2020 йилнинг апрель ойига қадар эълон қилиниши кўзда тутилган.

"УЕФА Чемпионлар лигаси кубоги" илк бор Ўзбекистонга олиб келинди

"УЕФА Чемпионлар лигаси кубоги" илк бор Ўзбекистонга олиб келинди

Футбол дунёсидаги энг нуфузли мукофот саналган кубок Тошкентнинг “Anhor Lokomotiv” боғида жойлашган “Axelon” картинг клубида намойиш этилмоқда.

У ерда футбол ишқибозлари “УEФА Чемпионлар Лигаси кубоги”ни ўз кўзлари билан кўришлари ва суратга тушишлари мумкин.

"УЕФА Чемпионлар лигаси кубоги"ни Европа бўйлаб олиб юриш анъанаси кўп йиллардан бери мавжуд.

Лекин, бу кубок шу пайтгача Марказий Осиёнинг ҳеч бир давлатида бўлмаган.

1955 йилдан бери энг зўр футбол жамоаларига топшириб келинаётган олтин қопламли “УEФА Чемпионлар Лигаси кубоги” баландлиги 74 сантиметр, оғирлиги 7 ярим килони ташкил қилади.

Кубокнинг ҳозирги эгаси Англиянинг "Ливерпуль" клубидир.

Италиялик актёр Тошкентда вақтинча ижарага олган квартирасида ўлик холда топилди

Италиялик 28 ёшли актёр ва модель Жоржо Гено Тошкентнинг Миробод туманидаги вақтинча ижарага олиб яшаб келган квартирасида 16 февраль куни ўлик холда топилган.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармаси матбуот хизматига кўра, актёрнинг ўлими сабаблари маълум эмас.

Лекин, унинг танасида зўравонлик белгилари бўлмаган, квартира эшиги бузилмаган.

Италия матбуотига кўра, Жоржо Гено ўтган йил оҳирларида Ўзбекистонга сайёҳ сифатида борган.

Ота-онаси сўнгги кунларда у билан боғлана олмагач, Ўзбекистон расмий идораларида ёрдам сўраган.

Гено яшаган уйга борилганида у квартирада ўлик ҳолда топилган. Ота-онасининг айтишича, Генонинг соғлиги билан боғлиқ муаммоси бўлмаган.

Италия матбуотида Жоржо Гено ижодни энди бошлаган актёр ва модель дея тилга олинади.

Андижондаги рейдларда пичоқ ва бошқа буюмлар совуқ қурол сифатида кўрилиб аҳолидан тортиб олинган 

Андижонда тиғли асбобларга қарши рейдларда уч юздан ортиқ пичоқ ва бошқа буюмлар совуқ қурол сифатида кўрилиб аҳолидан тортиб олинган.

Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати 22 февраль куни хабар қилди.

"Тиғ" деб аталган тадбир давомида ёнидан пичоқ топилган шахслар эртаси куни оила аъзолари, маҳалладошлари иштирокида муҳокама қилинган.

Шунингдек, айни тадбир доирасида Андижон бозорларида очиқ жойда сотилаётган пичоқларнинг учи тўмтоқланган.

Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларида ҳам тиғли буюмларга қарши рейдлар бундан олдин ҳам ўтказилган.

Ички ишлар ходимлари ўтказаётган рейдларда пичоқ, ўроқ, болта, чопқи, қайчи, кетмон каби ўткир тиғли асбобларни очиқда сотаётган савдогарлардан бундай буюмлар тортиб олингани ҳақда Озодлик хабар берган эди.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг Озодлик боғланган расмийларига кўра¸ мамлакатда пичоқ билан қилинган ҳужумлар сонининг ортиши тиғли асбоблар савдоси устидан назоратни кучайтиришга асос бўлган

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG