Маҳмуд Муродов UFC турнирида ғалаба қозонган биринчи ўзбек бўлди

Маҳмуд Муродов ўтган йилнинг августида Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилинган.

Аралаш жанглар устаси Маҳмуд Муродов UFC турнирида ғалаба қозонган илк ўзбек курашчиси бўлди.

Копенгагенда 28 сентябрда ўтказилган UFC Fight Night 160 турнирида 84 килогача вазн тоифасида Маҳмуд Муродов италиялик Алессио Ди Кирико устидан ғалаба қозонди.

“Мен жудаям бахтлиман, ахир тарихга кирдим. Орзуим рўёбга ошди, бунинг учун сидқидилдан меҳнат қилдим”, деб билдирди Маҳмуд муродов жангдан сўнг.

Маҳмуд Муродовнинг 23 та ғалабасидан 15 таси нокаут, 3 таси эса рақибининг таслимияти билан тугаган. Аввал у Oktagon ва XFN Европа лигаларида иштирок этган.

Тожикистонда туғилган Маҳмуд Муродов Ўзбекистонда "фуқаролиги йўқ шахс" мақомида яшаб келган. Унга 2018 йилнинг 4 августида Ўзбекистон паспорти топширилган эди.

ММА жангчиси кейинги йилларда Чехиянинг Прага шаҳридан қўним топган ва ўша мамлакатдаги жанговар спорт клуби номидан мусобақаларда қатнашган.

Ўтган йилнинг августида ВВС Ўзбек хизмати BUKA спорт кийимлари бренди ММА жангчиси Маҳмуд Муродов билан шартномани бекор қилгани ҳақида хабар берган эди.

Сайтга кўра, BUKAнинг қарори Ўзбекистондаги қатор сайтлар ёшлигида порнофильмда чиққанини даъво қилиб видеокадрлари ва суратларни тарқатгани ортидан қабул қилинган. Хабарга илова қилинган видеода Маҳмудовга оидлиги айтилаётган видеоларни эълон қилган сайтлар аталган.

Маҳмуд Муродов Инстаграм саҳифасида ўзига боғлиқ хабарлар сохта эканлигини айтиб, бу иддаоларни рад этган эди.