Меҳнат вазирлиги Когонда ўқувчилар пахта теримига жалб қилингани тўғрисидаги хабарни рад этди

Давлат меҳнат инспекцияси Бухоро Вилоятининг Когон туманидаги «Алиноз Шергирон» ва «Барно Баҳром» фермер хўжалигида пахта теримига мактаб ўқувчилари жалб қилингани тўғрисидаги хабар тасдиқланмаганини маълум қилди.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг расман билдиришича, болалар пахта далалари атрофида чорва моллари учун ўт терган, шунингдек ота-оналарига тушлик учун егулик олиб келган.

“Юртимиз қонунчилигида болалар меҳнатига йўл қўйилмаслиги қатъий белгиланган.Шунга қарамай мазкур вазиятга беэътибор бўлгани сабаб «Алиноз Шергирон» ва «Барно Баҳром» фермер хўжалиги раҳбарлари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддаси 2-қисмига биноан жаримага тортилди”, дейилади хабарда.

2 октябрь куни Repost.uz нашри Когондаги 15-сон мактаб ўқувчилари дам олиш ва байрам кунлари тумандаги "Алиноз Шергирон" ва "Барно Бахром" жамоа хўжаликларида пахта теришга жалб этилгани ҳақда хабар қилган эди.

Мактаб директори Жамол Саидов 5 октябр куни Озодлик билан суҳбатда бу хабарни "уйдирма" деб атаган эди.

Repost.uz нашри таҳририяти ходимларидан бири Озодликка Когонда мактаб ўқувчилари пахтага чиқарилгани ҳақидаги хабар ишончли манбалардан олинганини айтганди.