2019 йилги аттестациядан кейин 40 фоиз солиқчи ишдан бўшатилгани айтилди

Иллюстратив сурат

4 январь куни Давлат солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев солиқ тизимидаги ислоҳотлар бўйича матбуот анжумани ўтказди.

Kun.uz нашри мухбирининг хабар қилишича, мулозим коррупция бўйича маълумот бериб ўтган.

“Республика бўйича соҳада 11,5 мингта мутахассис ишлаётган бўлса, 2019 йилдаги аттестацияда деярли 40 фоизини бўшатдик. Тўғри, коррупцияга тўлиқ барҳам берилгани йўқ. Коррупция бор экан, тизимни жойига қўя олмаймиз. Унга қарши курашиш бизнинг биринчи навбатдаги вазифамиз", дея иқтибос келтиради мулозимдан Kun.uz нашри.

Унинг маълум қилишича, бу йилда тадбиркорларни текшириш бўйича мораторий тугаганига қарамасдан, текширишлар қайтадан бошланмайди.

"Солиқчилар 400 мингта корхона бўлса, шундан 2 мингтасини текшириши мумкин. Бу дегани 0,5 фоиз дегани. Мен ДСҚ раиси ўринбосари сифатида айтишим мумкинки, биз буни қилмаймиз. Ўзимиздаги мутахассисларни тайёрлашимиз керак. Нимани текшириш, қандай текшириш лозим, деган саволларга жавоб олишимиз керак. Олдинги вақтдагидек корхоналарга бориб, ёппасига ётиб олиш ниятимиз йўқ”, деган М. Мирзаев.

Ўтган йилнинг 4 апрель кунги видеоселекторда президент Мирзиëев давлат бюджетига солиқ тушумлари бўйича белгиланган режа бажарилмагани учун айниқса, Тошкент шаҳри, хусусан Шайхонтоҳур туманини кескин танқид қилганди.

Бу танқид эртасига мазкур туман солиқ инспекциясининг 133 нафар ходими ëппасига ишдан бўшатилган, туман инспекцияси собиқ раҳбарларига жиноят иши очилгани ҳақида Озодлик хабар қилган.

Президент танқиди ортидан Тошкентдаги 7 туман баробарида Самарқанд ва Андижондаги қатор туман солиқ идоралари раҳбарлари ҳам ишдан олинган, махсус қарор билан солиқ тизимининг 13 минг ходимини аттестациядан ўтказилиши айтилган эди.