Аҳолини коронавирус касаллигидан муҳофаза қилиш учун тавсиялар ишлаб чиқилди. Мазкур тавсияларни ёш авлодга содда тилда етказиш мақсадида мактабларда диктант ёзиш тадбирлари ташкил этилди.
Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Вазирликка кўра, диктант ёзиш давомида ўқувчилар коронавирус юқиш йўллари ва унинг тарқалишини олдини олиш бўйича амалга оширилиши керак бўлган чоралар ҳақида маълумотлар олади. Жумладан, болаларга мунтазам қўл ювиш ва шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиш кераклиги уқтирилмоқда.
Вазирлик бу баёнотини "Ижтимоий тармоқларда умумтаълим мактабларида болалар томонидан коронавирус тўғрисида диктант ёзаётганлиги ҳақида маълумот тарқатилгани" муносабати билан эълон қилди. Бу ҳақда Озодлик 3 февралда хабар қилган эди. Ўзбекистондаги давлат идоралари, одатда, Озодлик хабарларини "Ижтимоий тармоқларда" тарқатилган хабарлар деб атайди.