9 тумандаги солиқ инспекцияси раҳбарлари ишдан олинди

Давлат солиқ қўмитасида раис Бехзод Мусаев (ўртада) етакчилигида ўтказилган видеоселектор, 08.02.2020

Давлат солиқ қўмитаси раҳбари бошчилигида ўтган мажлисда 9 та туман солиқ инспекцияси раҳбари ишдан олинди.

Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизматига кўра, 8 февраль куни ишдан олинганлар: Сайхунобод, Деҳқонобод, Нарпай, Хўжаобод, Балиқчи, Қумқўрғон, Ғузор, Фориш ва Ромитан туманлари раҳбарларидир.

2019 йил сарҳисоби ва 2020 йилги вазифаларга бағишланган семинар давомида ўтган йилда давлат ғазнасига туширилган тушумлар бўйича натижалар муҳокама қилинди.

"Ўтган йилда республикада солиқ тушумлари 154 фоизга ошди. Бу борада энг яхши натижаларга Навоий (186%) ва Хоразм (165%) вилоятлари эришди", дейилади расмий хабарда.

Айтилишича, солиқ тушумини режага етказган раҳбарларга ёрлиқлар топширилган, етказа олмаган ҳудуд раҳбарлари эса ишдан олинган.

Шу йилнинг 5 январида 2019 йилги аттестациядан кейин 40 фоиз солиқчи ишдан бўшатилгани маълум қилинганди.

Ўтган йилнинг 4 апрель кунги видеоселекторда президент Мирзиëев давлат бюджетига солиқ тушумлари бўйича белгиланган режа бажарилмагани учун айниқса, Тошкент шаҳри, хусусан Шайхонтоҳур туманини кескин танқид қилганди.

Бу танқид эртасига мазкур туман солиқ инспекциясининг 133 нафар ходими ëппасига ишдан бўшатилган, туман инспекцияси собиқ раҳбарларига жиноят иши очилгани ҳақида Озодлик хабар қилган.

Президент танқиди ортидан Тошкентдаги 7 туман баробарида Самарқанд ва Андижондаги қатор туман солиқ идоралари раҳбарлари ҳам ишдан олинган, махсус қарор билан солиқ тизимининг 13 минг ходимини аттестациядан ўтказилиши айтилган эди.