“Ўзгидромет” кучли шамол, ёмғир ва селдан огоҳлантирди

Бухоро вилоятидаги кучли шамол оқибатида 1 одам ҳалок бўлган ва 41 одам жароҳатланган эди.

“Ўзгидромет”нинг 30 апрелда маълум қилишича,1-2 май кунлари Ўзбекистон ҳудудига Туркманистон орқали Каспий денгизининг жанубий районлари устида шаклланган нам ҳаво оқими кириб келади.

Бунинг оқибатида 1 ва 2 май кунлари Бухоро, Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд вилоятларида куннинг иккинчи ярмида ёмғир, айрим жойларга кучли ёмғир ёғиши кутилмоқда, момақалдироқ бўлиши мумкин. Республиканинг қолган ҳудудларида кечга бориб ёмғир, айрим жойларга кучли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Қорақалпоғистонда, Андижон, Наманган, Фарғона вилоятларида ёғингарчилик бўлмайди.

Шамолнинг тезлиги 15-20 м/с гача кучайиши, айрим жойларда шамол шиддати 23-28 м/с гача етиши мумкин. 30 апрель-3 май кунлари республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида сел келиши хавфи бор.

28 апрелга ўтар кечаси 4 вилоятда кучли шамол ва бўрон бўлган эди. Бунинг натижасида Бухорода 1 одам ўлди, камида 41 одам жароҳатланди, 5200 дан ошиқ бинога зарар етди. Ўшанда шамол тезлиги 9-40 м/сек.ни (32-140 км/соатгача) ташкил қилгани билдирилган.