Академик Муҳаббат Абидова вафот этди

Кимё-технология соҳасидаги таниқли олим, Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги Муҳаббат Абидова 17 август куни 89 ёшида вафот этди. Ўзбекистон ҳукумати Муҳаббат Абидова вафоти муносабати билан таъзия билдирди.

Муҳаббат Абидова 1931 йилнинг 10 октябрида Тошкент шаҳрида туғилди. 1954 йили Ўрта Осиё политехника институтини тугатиб, Ўзбекистон Фанлар академияси Кимё институти аспирантурасида таҳсил олди.

1958 йили номзодлик, 1975 йили докторлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди. Илм-фан соҳасидаги кўп йиллик хизматлари учун 2000 йилда Ўзбекистон Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси этиб сайланди.

“Заҳматкаш олимнинг кимёвий жараёнлар соҳасининг назарий ва амалий масалаларига бағишланган илмий мақолалари, патент ва муаллифлик гувоҳномалари юртимиз ва хорижий мамлакатлар олимлари ва мутахассисларига яхши маълум. Унинг катализаторлар тизими ва кимёвий жараёнларга оид бир қатор илмий ишланмалари саноат тармоқларида самарали қўлланиб келинмоқда”, -дейилади президент Шавкат Мирзиёев имзолаган таъзияномада.

Аввалроқ Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги Тельман Ражабов шу йил 12 августда 85 ёшида вафот этгани хабар қилинган эди.

Адабиётшунос олим, филология фанлари доктори, профессор Санжар Содиқов 6 август куни 80 ёшида оламдан ўтди.

Фанлар академияси 25 июнда Ўзбекистон биофизика фанига асос солган етук олим, академик Бекжон Тошмуҳаммедов 85 ёшида оламдан ўтгани ҳақида маълум қилган эди.