Маданият вазирлиги Самарқандда тарихий бино бузилиши бўйича шаҳар ҳокимлигидан изоҳ талаб қилмоқда

Самарқандда давлат ва ЮНЕСКО ҳимоясида бўлган архитектура ёдгорлигининг бузилиш жараëни, 2020 йил 11 сентябри.

Ўзбекистон Маданият вазирлиги Самарқанд шаҳар ҳокимиятидан Амир Темур кўчаси, 14-уй бузилиши бўйича тушунтириш беришни талаб қилади. Бу ҳақда вазирлик томонидан 21 сентябрь куни ёйинланган баёнотда айтилган.

Мазкур манзилдаги тарихий бино 11 сентябрь куни шаҳар Ободонлаштириш корхонаси ва Мажбурий ижро бюро ходимлари томонидан бузиб ташлангани ҳақида Озодлик хабар қилган ва бу мавзу ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлганди. Бино 2010 йилгача тарихий архитектура ёдгорлиги сифатида давлат ҳимоясида бўлган.

Баёнотда Маданият вазирлиги Амир Темур кўчаси 14-уйда жойлашган бино бузилиши ҳақида ҳам, бузилишга оид суд қарори ҳақида ҳам огоҳлантирилмагани қайд этилган.

“Маданият вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратурасига 1990-2000-йилларда тарихий объектларни қайси сабабларга биноан рўйхатдан чиқарилганлиги бўйича қуйидаги сўровнома асосида текширув ўтказилиши масаласи бўйича мурожаат қилади: 1) Объектлар нега рўйхатдан чиқарилди? 2) Ушбу хулосалар ким томонидан қабул қилинган? 3) Хулосалар маданият вазирлиги ва вилоят ҳокимиятининг қайси раҳбари томонидан тасдиқланган? 4) Рўйхатдан чиқарилган бошқа объектларнинг тақдири нима бўлган?” дея саволлар ташланади баёнотда.

Вазирликка кўра, “агар тарихий объектнинг бузилиши Самарқанд шаҳар ҳокимлиги томонидан амалга оширилган ҳамда Маданият вазирлиги бу жараённи тасдиқламаган бўлса, у ҳолда бузилишга оид масъулиятни шаҳар ҳокимлиги ўз зиммасига олиши ва бунга алоқадор шахслар амалга оширган ноқонуний ҳатти-ҳаракатлари учун қонунда белгиланган тартибда жазоланиши шарт”.

Ўз баёнотида Маданият вазирлиги Самарқанд вилояти ҳокимияти ва Самарқанд шаҳар ҳокимлигидан ЮНЕСКО ҳудудларига қўйилган барча талаб меъёрларига қатъий амал қилинишини талаб қилган.