Гулистондаги Covid-19 марказида портлаш: яраланганлар бор (ВИДЕО)

Гулистон шаҳридаги Алпомиш спорт мажмуасида ташкил этилган коронавирус маркази

Сирдарё вилояти Гулистон шаҳридаги Алпомиш спорт мажмуасида ташкил этилган коронавирус марказида 7 октябрь куни соат 08:13 да кислород баллони ёрилди.

Озодлик манбаларига кўра, Covid-19 марказидаги 10 тонналик кислород цистернасининг портлаши оқибатида камида 1 киши ҳалок бўлган, ўнлаб одам яраланган.

Жароҳатланганлардан айримларининг аҳволи оғир экани айтилади.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Гулистондаги Covid-19 марказида портлаш

Сирдарё вилояти ҳокимлиги маълумотига кўра, портлаш маҳаллий вақт билан соат 08:13 да содир бўлган.

Аммо, ҳокимлик расмийлари портлаш оқибатида ўлим холати бўлмаганини айтмоқда.

"Кислород баллони ёрилиши оқибатида ҳосил бўлган кинетик зарба тўлқинидан бино ойналари парчаланиб, фуқароларга тан жароҳати етган. Таъкидлаш жоизки, зудлик билан вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ва бошқа тегишли хизматларнинг ходимлари воқеа жойига етиб бориб, фуқароларни хавфсиз ҳудудга кўчирдилар. Мазкур ҳодиса оқибатида вафот этган фуқаролар йўқ. Вазият тўлиқ назоратга олинган", дейилади Сирдарё ҳокимлигининг портлаш юзасидан бирламчи билдирувида.

Гувоҳларга кўра, портлаш кучи 1 километр радиусдаги биноларнинг ойналарини синдирган.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Гулистондаги портлаш кучи 1 километр радиусдаги биноларнинг ойналарини синдирган.

Ҳодиса марказидан 700 метр чамаси узоқда яшашини айтган гулистонликлардан бирининг сўзларига кўра, улар яшайдиган уйнинг деразалари чилпарчин бўлган.

Яқинроқдаги тўйхона биноси ҳам портлашдан зарар кўргани айтилмоқда.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

портлаш кучи дўконлар ойналарини синдирган.

Ҳодиса оқибатларини бартараф этиш учун 10 дан ортиқ тез ёрдам машинаси сафарбар килинган, атроф ички ишлар ходимлари томонидан ўраб олинган.

Аввалроқ Фавқулодда вазиятлар вазирлиги камида бир киши жароҳатланганини хабар қилган эди.

“Бирламчи маълумотларга қараганда ҳосил бўлган кинетик зарба тўлқинидан бино ойналари парчаланиб , бир нафар фуқарога тан жароҳати етган. Таъкидлаш жоизки, зудлик билан вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ва бошқа тегишли хизматларнинг ходимлари воқеа жойига етиб бориб, фуқароларни хавфсиз ҳудудга кўчирдилар. Мазкур ҳодиса оқибатида вафот этган фуқаролар йўқ. Вазият тўлиқ назоратга олинган”,- дейилади расмий хабарда.

Мақола тўлдирилмоқда