Шаҳрисабздаги "Ёшлар фестивали"да катта экран ижараси учун ярим миллиард сўм сарфлангани ўртага чиқди

Шаҳрисабзда 13-15 июнь кунлари ўтказилган ёшлар фестивали қатнашчилари.

Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳрида 2021 йилнинг 13—15 июнь кунлари бўлиб ўтган ёшлар фестивалида катта экраннинг уч кунлик ижарасига 440 миллион сўм сарфлангани маълум бўлди. Бу ҳақда Давлат харидлари бўйича махсус ахборот порталига таяниб, "Қашқадарё" газетаси хабар берди.

"Фестиваль доирасида биргина зар сепадиган мосламага 15 миллион сўм, 100 дона 50 метрлик гирляндалар учун эса 21,5 миллион сўм сарфланган. Аммо энг қиммати — фестиваль бўлиб ўтган жойда ўрнатилган 150 квадрат метрлик LED экран ижарасидир. Унинг уч кун давомида ишлатилиши вилоят бюджетига 440 миллион сўмга тушган", — дейилган хабарда.

Озодлик Шаҳрисабз шаҳридаги «Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!» шиори остидаги фестиваль учун вилоят маҳаллий бюджетининг захира жамғарма маблағлари ҳисобидан 1 миллиард 517 миллион 800 минг сўм ажратилганига оид ҳужжатларни эълон қилган эди.

Мавзуга алоқадор "Кўприк қуриб берса бўлмасмиди" - Шаҳрисабздаги "Ёшлар фестивали"га 1,5 млрд. сўм сарфлангани ўртага чиқди

Уч кунлик тадбирга бунақа катта пул сарфланиши ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг ғазабини келтирди. Баъзи блогерлар вилоят ҳокимини солиқ тўловчилар пулини кўкка совуришда айблаб чиқишди.

Қашқадарёлик бошқа бир блогер Олим Тошев Озодлик билан суҳбатда Шаҳрисабздаги тадбирни “халқнинг пулини кўкка совуриш” деб атади.

“Қиммат мушакбозлик, Муниса Ризаева, Шоҳжаҳон Жўраев, Тоҳир Содиқовлар концерти. Ҳокимнинг мукофотлари. Ҳар бир журналист ва блогерга ана шу солиқ тўловчилар пулидан 5 миллион сўмдан берди. Бу ҳокимнинг ахборот воситалари оғзини бюджет ҳисобидан ўз фойдасига мойлаши эмасми. Қолаверса шунча пул сарфлаш иқтисодий қолоқ вилоят учун керакми? Бу катта пул аслида. Вилоят инфратузилмаси, мактаблари ҳароб аҳволда қолган бир пайтда халқ пулини, солиқ тўловчилар пулини бехудага кўкка совириш эмасми бу. Бу пулга қанча мактабни таъмир қилса бўларди. Шаҳрисабзнинг Ёнчи қишлоғи аҳолиси кўприк йўқлигидан йиллардан бери қийналади, кўприк қуриб берса бўлмайидими?”, - дейди блогер.

Шаҳрисабзда 300 мингдан ортиқ одамни тўплаган тадбир Ўзбекистонда коронавирусга чалиниш ҳолатлари яна кўпая бошлаган кезда ўтказилди.