Андижон ҳокими фуқарони ҳақорат қилгани тасдиқланди. Ҳокимга ҳуқуқий баҳо берилиши ваъда қилинди

Баҳромжон Ҳайдаров 2019 йилнинг 26 августида Андижон шаҳрига ҳоким бўлган.

Андижон вилоят ҳокимлиги 12 ноябрь куни тарқатган расмий билдирувида Андижон шаҳар ҳокими Баҳромжон Ҳайдаров чиндан ҳам фуқарони ҳақоратлаганини тасдиқлади.

Бир кун аввал ижтимоий тармоқларда Андижон шаҳар ҳокими ва фуқаро ўртасида ўзаро тортишув юзага келганлиги ва ҳоким фуқаро билан суҳбатда ҳақоратли сўзлар қўллагани тўғрисидаги аудиоёзув тарқалган эди.

Андижон вилоят ҳокимлиги мазкур аудиоёзувни ўрганиб чиққан ва аудиодаги овоз ҳақиқатдан ҳам Андижон шаҳар ҳокими Баҳромжон Ҳайдаровга тегишли эканлиги аниқланган.

Вилоят ҳокимлиги ҳақоратли сўзлари учун Баҳромжон Ҳайдаровга алоҳида “ҳуқуқий баҳо берилиши”ни билдирган.

Айни пайтда вилоят ҳокимлиги билдирувида Баҳромжон Ҳайдаровнинг бундай ҳатти-ҳаракатига ўз ўй-жой муаммосини ҳал қилиб беришни сўранган фуқаронинг “Андижон шаҳар ҳокимига доимий равишда 10−15 маротабадан телефон қўнғироқларини амалга оширганлиги”, “шаҳар ҳокимини доимий обрўсизлантириб келганлиги” сабаб бўлгани алоҳида таъкидланган.

Баҳромжон Ҳайдаров 2019 йилнинг 26 август куни қўл остидаги ходимларга қўпол муносабатда бўлгани, мажлисларда ходимларни аёвсиз ҳақоратлагани ортидан ижтимоий тармоқларда танилган Дилмурод Раҳматуллаевнинг ўрнига ҳоким этиб тайинланган эди.

Ўзбекистонда ҳокимларнинг фуқароларни куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақорат қилиши ва ҳатто дўппослаши одатий ҳолга айланган.

2020 йилда Андижон вилоят ҳокими Шуҳрат Абдурахмонов¸ Фарғона вилоятининг собиқ ҳокими Шуҳрат Ғаниев, Андижон шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев, Паркент тумани ҳокими Неъматулла Абдуллаевнинг болахонадор сўкишларга тўла аудиолари ижтимоий тармоқда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлган эди.