ДХХ куни яна Каримов даврида бўлгани каби 26 сентябрда нишонланадиган бўлди

Ўзбекистонда Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари куни бундан буён 26 сентябрда нишонланади. Бу ҳақда президент Ш. Мирзиёев томонидан шу йил 14 сентябрида имзоланган “Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати органлари ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги қонунда айтилган.

Ўзбекистоннинг аввалги президенти И. Каримов 1991 йил 26 сентябрида Ўзбекистон ССР КГБсини давлат раҳбарига бўйсунадиган Миллий хавфсизлик хизматига айлантирганидан бери бу сана МХХ ходимлари куни сифатида нишонланиб келган. Бироқ бу анъана президент Ш. Мирзиёев томонидан 2018 йили “Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида”ги қонун имзоланганидан кейин ўзгариб, ДХХчилар куни 5 апрелга кўчирилганди.

Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати органлари ходимлари кунини белгилаш тўғрисидаги қонун лойиҳаси Олий Мажлис Cенатининг жорий йил август ойи охирида ўтган ялпи мажлисида маъқулланганди.

Ўшанда ДХХ кунини 26 сентябрда эмас, балки 5 апрелда нишонлаш тизим фаолиятини ҳисоблашда қарама-қаршиликни келтириб чиқараётгани айтилган.

“Амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ўрганиш Давлат хавфсизлик хизматининг тарихи аслида Ўзбекистон Президентининг 1991 йил 26 сентябрда қабул қилинган ПФ-265-сонли фармонига бориб тақалишини кўрсатади”, дейилганди Сенат хабарномасида.