Ҳукумат бир ой ичида Ўзбекистондаги барча давлат ташкилотларини интернетга улаш тўғрисида кўрсатма берди

Иллюстратив сурат.

Ҳукумат 2021 йил якунигача барча ички ишлар органлари таянч пунктлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари, жазони ижро этиш муассасалари, ички ишлар органлари профилактика инспекторлари хоналари, халқ таълими муассасалари, давлат архивлари ва ташкилотларини интернетга кенг полосали уланашга кўрсатма берди.

Бу борада Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси телекоммуникация инфратузилмасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 699-сонли қарори қабул қилинди.

Қарорда 2022–2024 йилларда интернет тезлигини 3,5 маротаба ошириш ва уй хўжаликларининг камида 80 фоизини интернетга кенг полосали симли уланиш имконияти билан таъминланаш ҳам назарда тутилган.

Бундан ташқари 2022 йил 1 январдан маъмурий бинолар ва кўп квартирали уйларни камида 1 Гбит/с, таълим ташкилотлари, соғлиқни сақлаш муассасалари ва бошқа давлат ташкилотларини камида 100 Мбит/с ўтказувчанлик имконияти билан интернетга улаш режалаштирилган.

АҚШда жойлашган Freedom House инсон ҳуқуқлари ташкилоти ўзининг бу йилги жаҳондаги Интернет эркинлиги рейтингида Ўзбекистонни интернет тезлиги ўта суст бўлган ва интернет эркин бўлмаган давлатлар қаторида қолдирган эди.