Линклар

Шошилинч хабар
27 октябр 2021, Тошкент вақти: 21:37

Ўзбекистон Интернет эркинлиги рейтингида юқорилади, аммо Интернет эркин бўлмаган давлатлар қаторида қолди


Ўзбекистонда бир неча ижтимоий тармоқ фаолияти чекланганидан кейин VPN иловаларини Интернетдан кўчириб олиш кескин кўпайган.

АҚШда жойлашган Freedom House инсон ҳуқуқлари ташкилоти ўзининг бу йилги жаҳондаги Интернет эркинлиги рейтингида Ўзбекистон 2020 йилга нисбатан бир поғона юқорилагани, аммо мамлакат ҳануз Интернет эркин бўлмаган авторитар давлат сифатида қолаётганини маълум қилди.

Ҳисоботнинг Ўзбекистонга бағишланган қисмида қайд этилишича, Интернет эркинлиги рейтингида 2020 йилда 27-ўринда бўлган бу давлат 2021 йилда 28- ўринга кўтарилди.

“Ўзбекистонда Интернет эркинлиги, биринчи навбатда мамлакат бўйлаб Интернетга уланиш имконияти кенгайтирилгани ортидан, бир оз ўсгани кузатилди. Бироқ ҳукумат онлайн муҳит устидан назоратни сусайтиргани йўқ. Ҳукумат веб-сайтларни блок қилиш ва танқидчиларни қўлга олиб, уларни узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилишда давом этмоқда”,-дейилади ҳисоботда.

Ҳисобот муаллифларининг қайд этишларича, қўлга олишлар маъмурий ва жиноий кодексларга Интернетда президентни ҳақорат қилганлик ва жамоат хавфсизлигига таҳдидга оид ўзгартишлар киритилган бир пайтда амалга оширилган.

Бундан ташқари, ҳукумат шахсий маълумотларни Ўзбекистон ичида сақлаш тўғрисидаги қонунни қабул қилди ва мазкур қонун ижтимоий тармоқларга чекловни оқлаш учун қўлланилди.

Айни пайтда Freedom House президент Шавкат Мирзиёев ўтказаётган ислоҳотлар оқибатида матбуотга босим кўрсатиш даражаси бир оз камайганини эътироф этган. Шу билан бир қаторда танқидчиларни қамоққа олиш ёки қўрқитиш амалиёти ҳам тўхтатилмаган.

Ҳисобот муаллифлари 2021 йилнинг майида блогер Отабек Саторийнинг 6,5 йилга қамалгани, март ойида эса блогер Миразиз Бозоров калтакланганини мисол қаторида келтирганлар.

Сурхондарёлик блогер Отабек Сатторийнинг маҳаллий ҳокимият идораларидаги коррупцияга қарши чиқишлари ортидан қамоққа ташланиши халқаро ташкилотларнинг танқидларига сабаб бўлган.

Жиноят кодексининг бир жинсли шахслар ҳақидаги бандини бекор қилишга чақириб келган блогер Миразиз Бозоров эса 28 март куни Тошкентдаги уйи олдида номаълум шахслар томонидан дўппослаб кетилган.


Ҳисоботда қайд этилишича, Ўзбекистонда Интернетга уланиш тезлиги нисбатан секин, аммо бу масалада ижобий томонга ўзгаришлар сезилмоқда.

Озодлик радиоси июль ойида Ўзбекистонда бир неча ижтимоий тармоқ фаолияти чекланганидан кейин VPN-иловаларини Интернетдан кўчириб олиш кескин кўпайгани ҳақида хабар берган эди. Ўзбекистонлик Интернет фойдаланувчилар тармоқ тезлиги кескин тушиб кетганидан шикоят қилиб келмоқда.

Freedom House ҳисоботида жаҳонда 11 йилдан бери Интернет эркинлиги сусайиб бораётгани таъкидланди. Эркинликнинг чекланиши, айниқса, Мьянме, Беларусь ва Угандада жуда кучли бўлмоқда. Масалан, Мьянма бир йил ичида мазкур рейтингда 14 поғонага пастлаган. Бу Интернет эркинлиги ҳисоботи эълон қилиниш бошланганидан бери ўтган даврда энг юқори кўрсаткич бўлди.

Ҳисоботда камида 48 та давлатда сўнгги бир йил ичида Интернет эркинлигини чекловчи янги тартиблар жорий этилгани қайд этилди. Бундан ташқари, бир йил ичида камида 20 давлатда Интернетга уланиш тўхтатилди, 21 давлатда эса ижтимоий тармоқларга тўсиқ қўйилди.

Камида 45 та давлат ҳукуматлари хусусий ширкатлардан шахсга оид маълумотларни ўғирловчи технологияларни ва дастурларни сотиб олган.

Хитой қаторасига етти йилдан бери Интернет эркинлиги энг чекланган давлатлар қаторида қолмоқда. Хитой ҳукумати Интернетда ўзгача фикрловчилар, воқеаларни мустақил ва холис ёритаётган блогерларга нисбатан узоқ муддатли қамоқ жазосини жорий этди.

Интернет эркинлиги ҳисоботида Қўшма Штатлар рейтинги ҳам қаторасига беш йилдан бери пастлаб бормоқда. АҚШнинг янги раҳбарияти бу вазиятни ўнглаш мақсадида Интернет фойдаланувчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган чораларни ишлаб чиқишга ваъда берди.

XS
SM
MD
LG