Муаммоли кредитларга қарамай, ҳукумат ёш тадбиркорларга 540 миллион сўмгача қарз бермоқчи

Иллюстратив сурат.

Ёшларни тадбиркорликка жалб этиш ва уларнинг бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида, президент фармонига асосан, Миллий банкка 100 миллион доллар пул ажратилди.

Адлия вазирлигининг билдиришича, 21 декабрь куни қабул қилинган 765-сон қарорга биноан мазкур маблағ 2022-2024 йилларда ёш тадбиркорларнинг янги бизнес лойиҳалари учун кредит сифатида ажратилади.

БҲМнинг 1000 бараваридан 2 минг бараваригача бўлган кредитлар 3 йил имтиёз даври билан 7 йилга Марказий банкнинг асосий ставкасида берилади.

Ўзбекистонда Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан сўнг аҳолининг турли тоифаларига тадбиркорлик фаолият учун кредитлар ажратилиши тўғрисида қатор фармонлар ва қарорлар қабул қилинди.

Бунинг оқибатида шу йилнинг августида Ўзбекистонда икки йирик давлат банки - “Халқ банки” ва “Микрокредитбанк” муаммоли кредитлар салмоғи ошиб кетгани учун тижорий кредитлар беришни тўхтатди.

Молиячиларнинг айтишича, муаммоли кредитлар миқдори давлатга қарашли бўлган деярли барча банкларда ортгани кузатилмоқда.