Маданият вазири дабдабали тўйлар ўрнига пулни фарзандларни ўқитишга сарфлаш тарафдори эканини айтди

Маданият вазири Озодбек Назарбеков

Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбеков фуқаро сифатида ихчам тўйларни қўллаб-қувватлашини билдирди.

Назарбеков Дарё.уз нашри мухбири билан суҳбатда “беш йил Россияда юриб, қора меҳнат қилиб, ўша ерда касал орттириб, лекин топганини бир кунлик тўйда йўқ қилиш ва ишлагани яна хорижга кетиш ҳолатларига шахсан гувоҳ бўлган”ини айтган ва катта тўй қилиш ўзбекистонликлар учун бир мажбуриятдек қабул қилиниб қолганига эътибор қаратган. Вазирга кўра, одамлар зиммасида бундай мажбурият йўқ.

Қурби етмаса ҳам қарз олиб, дабдабали тўй қилгандан кўра, одамлар топган пулини фарзандларини ўқитишга, илм олишига ва шу каби нарсаларга йўналтирса, ўйлайманки, ўзлари учун ҳам, жамиятимиз учун ҳам фойдали бўлади”, деган маданият вазири.

Пандемия туфайли Ўзбекистонда ўтган йил мартидан киритилган карантин чоралари доирасида аввалига тўй-тантаналарни тақиқлаш, кейинроқ эса тўй ва бошқа маросим иштирокчилари сонини 30 кишигача чеклаш тартиби жорий қилинган эди.

Мазкур тартибга ҳар вақт ва ҳамма жойда амал қилинганини айтиб бўлмаса-да, бу чеклов ортидан Ўзбекистонда тўйлар аввалгидан кўра ихчамлашганини кузатиш мумкин.