Ўзбекистон Украина ТИВга қўлга олинган ўзбекистонлик жангарилар юзасидан нота йўллади

Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси Россия қўшинлари сафида жанг қилаётган пайтда қўлга олинган ўзбекистонлик фуқаролар тўғрисида маълумот олиш учун Украина Ташқи ишлар вазирлигига расмий нота юборган.

“Ижтимоий тармоқларда Украина Қуролли кучлари томонидан, иддаога кўра, бу мамлакат ҳудудида жанг қилган икки ўзбекистонлик қўлга олингани акс этмиш видеоролик тарқалмоқда. Бу ҳодиса юзасидан батафсил ва ишончли маълумот олиш учун Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси Украина Ташқи ишлар вазирлигига расмий нота йўллади”, дейилган баёнотда.

Элчихона жамоатчиликни мазкур видео бўйича текширилмаган маълумотни тарқатмасликка ва барча ҳолатлар аниқлангунича кутиб туришга чақирган.

Жорий йилнинг 10 сентябрь куни Интернет тармоғида украиналик ҳарбийлар томонидан асирга олинган ўзбекистонликларга оид видео тарқалган эди. Улар россиялик бошқа ҳарбийлар қатори Украина Қуролли кучларининг Харьков вилоятидаги муваффақиятли ҳужум натижасида қўлга олингани айтилган.