Ўзбекистонда помидор нархи рекорд даражага етди. У Украина ва Польшадагидан ҳам қиммат

Сўнгги бир ҳафта ичида Ўзбекистонда қизил думалоқ помидор нархи 29 фоизга ошди ва улгуржи нарх ўтган йилга нисбатан икки баробарга қимматлади, деб хабар берди мева-сабзавот бозорини ўрганишга ихтисослашган EastFruit нашри.

27 март куни чоп қилинган хабарда қайд этилишича, 17 мартдан 24 мартгача Ўзбекистонда теплицада етиштирилган қизил думалоқ помидор нархи 28 минг сўмдан 36 минг сўм ($2,45 дан $3,16) га кўтарилган. Сўнгги уч ойда бу маҳсулотнинг нархи 2,4 баробарга, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,8 баробарга қимматлаган.

EastFruit мониторингида қайд этилишича, Ўзбекистонда помидор нархи Европадагидан ва уруш бораётган Украинадагидан ҳам қимматроқдир. Бир кило помидор Ўзбекистонда 3,16 доллар, Польшада 2,79 доллар, Украинада 2,60 доллар, Тожикистонда 2,29 доллар, Молдовада 1,61 доллар ва Грузияда 1,16 доллар туради.

Нашр Ўзбекистонда помидор нархи рекорд даражада қимматлаганини январь ойидаги аномал совуқ пайтида иссиқхоналарда катта миқдордаги ҳосил йўқотилгани билан боғламоқда.

Озодлик радиоси ўтган куз-қиш мавсумида Ўзбекистонда юзага келган энергетик бўхрон ва бунинг оқибатида иссиқхоналар музлаб қолгани ҳақида хабарлар берган эди.