Миллий университет Ахборот ресурс маркази фондида сақланган XIII - XIX асрларга оид қиймати 2,6 миллиард сўмлик тарихий ва бадиий аҳамиятга эга бўлган 56 дона қўлёзма ва 6 дона тошбосма асарлар талон - торож қилинганлиги ва бошқа жиддий қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура 21 февраль куни маълум қилди.
Расман билдирилишича, 19 февраль куни университетнинг мансабдор ва моддий жавобгар шахслари, шунингдек, Ахборот ресурс маркази директори ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва бошқа моддалари билан жиноят иши қўзғатилди.
Тергов Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан олиб борилмоқда. Тергов устидан Бош прокуратура назорати ўрнатилган.
Аввалроқ Kun.uz XIII-ХV асрларда ёзилган ўнлаб нодир қўлёзмалари ЎзМУ кутубхонасидан йўқолганлиги ҳақида хабар берган эди.
Йўқолган қўлёзмалар орасида Абу Бакр Собунийнинг XIII асрга оид қўлёзма асари, Шарафиддин Али Яздийнинг ХV асрда ёзилган "Муқаддимаи Зафарнома" қўлёзма китоби, Алишер Навоийнинг тилла суви юритилган "Хамса" достони ва бошқа ўнлаб нодир қўлёзмалар бор.