Қашқадарё ҳокими Зоир Мирзаев ишдан кетди, унинг ўрнига Божхона қўмитаси раиси тайинланди

Зоир Мирзаев

Ўзбекистон президентининг тегишли фармонлари билан Зоир Мирзаев бошқа ишга ўтиши муносабати билан Қашқадарё вилояти ҳокими лавозимидан озод этилган, Муротжон Азимов Қашқадарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланган. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов ўз Телеграм-саҳифаси орқали маълум қилди.

Уч йил муқаддам Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида олти кишини мажбуран сувга тушириш ҳодисаси ортидан бош вазир ўринбосари вазифасидан олинган Зоир Мирзаев аввалига Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманига ҳоким, 2019 йилнинг октябрь ойида эса Қашқадарё вилоятига ҳоким этиб тайинланган эди.

Бугун лавозимдан олинган З. Мирзаевнинг қайси ишга ўтганига президент матбуот котиби хабарномасида аниқлик киритилган эмас, бироқ Қашқадарё вилояти ҳокимлиги Телеграм-каналида Мирзаев Ўзбекистоннинг бошқа бир салоҳияти катта вилоятига ҳоким этиб тайинланиши кутилаётгани билдирилган.

Унинг ўрнига Қашқадарё вилояти ҳокими в.б. этиб тайинланган Муротжон Азимов шу пайтгача Давлат божхона қўмитасига раислик қилиб келаётган эди.