Қатар амирининг коррупцияга қарши кураш мукофотини топшириш маросими Тошкентда ўтказилади

Озодлик радиоси суриштирувларидан бири учун ясалган муқова.

Қатар амири томонидан таъсис этилган коррупцияга қарши курашда эришилган ютуқлар учун глобал мукофотини топшириш маросими шу йилнинг охирида Тошкентда ўтказилади. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.

Матбуот котибининг иддао қилишича, “мукофотни топширишнинг тантанали маросими Тошкентда ўтказилиши охирги йилларда президентимиз томонидан коррупцияга қарши кураш йўналишида олиб борилаётган катта ишлар ва умуман ислоҳотларининг жаҳон ҳамжамияти томонидан катта эътирофи тимсоли”дир.

Расмийнинг гапларидан англашилишича, мазкур мукофотни топшириш тадбирини Тошкентда ўтказиш юзасидан президент Шавкат Мирзиёевнинг 1-2 октябрь кунлари Дохага қилган сафари чоғида келишувга эришилган.

Ўзбекистон президенти ва ҳукумати сўнгги йилларда мамлакатда коррупцияга қарши кураш кескинлашгани ва коррупция ҳолатларининг олдини олиш юзасидан самарали чоралар кўрилаётгани тўғрисида бонг уриб келади. Бироқ Озодлик радиоси қатор ҳамкорлари билан ўтказган журналистик суриштирувларда Шавкат Мирзиёев ва унинг оиласи коррупцияга алоқадор бўлиши эҳтимоли тўғрисидаги маълумотлар юзага чиққан.

Жумладан, Озодлик радиосининг Мирзиёевнинг Шоввозсойдаги қасри, “Мирзиёев кластерига айланаётган Ўзбекистон”, “Мирзиёевларнинг соядаги инвестори” каби қатор суриштирувларига Тошкент расман муносабат билдирмаган.

Ўзбекистон ва Қатар ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганига 25 йил бўлди. Мана шу давр ичида Қатар амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний жорий йилнинг 5-6 июнь кунлари давлат ташрифи билан илк бор Ўзбекистонга келган эди.

Қатар ҳам 2022 йилда футбол бўйича жаҳон чемпионатини ўтказиш ҳуқуқини қўлга киритиш мақсадида коррупциявий усуллардан фойдалангани тўғрисидаги айбловлар ортидан халқаро миқёсдаги жанжаллар марказига айланганди.

Қатар мазкур чемпионатни ўтказиш ҳуқуқини қўлга киритганидан сўнг турли жанжалли баёнотлар берилди. ФИФАнинг айрим раҳбарлари коррупцияда гумонланди, кейин стадионларни қуриш пайтида Қатарда ишчиларнинг ҳалок бўлиши, Қатардаги инсон ҳуқуқлари вазияти танқид қилинганди.