Журналистика университети ректори фамилиясини миллийлаштирди

Шерзодхон Қудратхўжа

Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори, Халқаро пресс-клуб раиси Шерзодхон Қудратхўжаев фамилиясидаги русча -ев қўшимчасидан воз кечган. Бу ҳақда унинг ўзи 15 декабрь куни “Ўзбекистон 24” радиоканали эфирида маълум қилган.

Радиоканалдаги суҳбат чоғида Журналистика университети ректори бундан буён ўз шарифи Қудратхўжа деб юритилишини урғулаган.

Мен ҳозиргина Давлат хизматлари агентлигида ўз ҳуқуқимдан фойдаланиб шуни расмийлаштирдим. Биз ўзлигимизни англамас эканмиз, миллий ғурурни ҳис қилмас эканмиз, ҳеч қачон ривожланмаймиз”, деган Шерзодхон Қудратхўжа.

Халқаро пресс-клуб раиси ўз чиқишларида миллийлашув тарафдори эканини намойиш қилганига жамоатчилик бир неча бор гувоҳ бўлган. Масалан, ўтган йили “Ўзбек тили байрами” (21 октябрь) арафасида у “миллат учун тил бу ҳар бир инсоннинг ДНКси каби” эканини таъкидлаган, “эркак аёлини рашк қилгани каби, биз ҳам ўз тилимизни бошқа тиллардан қизғанишимиз, унга гард юқтирмаслигимиз лозим”, деган эди.

Ўзбекистонликлардан ўзбек тилида гапиришни талаб қилгани ортидан 2018 йили Шерзодхон Қудратхўжа (ўша пайтда Қудратхўжаев) можарога ҳам аралашиб қолган. Уни миллатчилик қилганликда айблаган русийзабон аёл Халқаро пресс-клуб раҳбари ўзига “Иди в свою Россию” деганини иддао қилган, бироқ бу иддао Ш. Қудратхўжа томонидан рад этилганди. Айни пайтда мулозим ўшанда аёлга қўпол гапиришга мажбур бўлганини, провокацияга учганини эътироф этган.

Марказий Осиё мамлакатларида фамилиядаги -ов(а) ёки -ев(а) қўшимчаларидан воз кечиш ҳаракатлари кўп йиллардан бери кузатиб келинади. Дейлик, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмонов 2007 йил Наврўзида ўз фамилиясини “Раҳмон”га ўзгартириши ортидан мамлакат расмийлари ичида кўплаб киши фамилиясини миллийлаштирганди.